Сурхондарёда 37 мингдан зиёд ўқувчи фан олимпиадаларида беллашмоқда
Сурхондарё вилоятида умумтаълим мактабларининг 9–11-синф ўқувчилари ўртасида асосий фан олимпиадаларининг иккинчи – туман (шаҳар) босқичи қизғин давом этмоқда.
Вилоятнинг 15 та туман ва шаҳрида ташкил этилган билимлар беллашувида жами 37 минг 764 нафар ўқувчи ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказмоқда.
Олимпиада 10 та ҳудудда онлайн, 5 тасида эса офлайн шаклда ўтказиляпти. Белгиланган тартибга кўра, синовлар уч сменада ташкил этилган. Биринчи сменада 9-синф ўқувчилари соат 09:00 дан 10:00 гача, иккинчи сменада 10-синф ўқувчилари соат 12:00 дан 13:00 гача, учинчи сменада эса 11-синф ўқувчилари соат 15:00 дан 16:00 гача тест топшириқларини бажармоқда.
Билимлар беллашувининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш, иштирокчилар учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Олимпиада ўқувчиларнинг фанларга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг билим ва иқтидорини намоён этиш, истеъдодли ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-32030]
Асосий фан олимпиадаларининг туман (шаҳар) босқичи белгиланган режа-жадвал асосида 27 октябрга қадар давом этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА