Суперлигада бугун битта ўйин бор
Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган учрашувлар давом этмоқда. Тур доирасида Наманганда водий дербиси бўлиб ўтди. Шунингдек, Муборак ва Термиз шаҳарларида ҳам навбатдаги баҳслар ўтказилди.
Намангандаги «Марказий» стадионда кечган водий дербисида «Навбаҳор» «Андижон» жамоасини мағлуб этди. 23 минг 152 нафар мухлис гувоҳ бўлган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида Ҳусайн Норчаев томонидан киритилган гол наманганликларга ғалаба келтирди — 1:0.
Муборакда «Машъал» ўз майдонида Самарқанднинг «Динамо» жамоасини қабул қилди. Учрашув меҳмонларнинг ишончли ғалабаси билан якунланди. Жаҳонгирбек Абдусаломов 16-дақиқада ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда Анвар Ҳожимирзаев (50) ва Фирдавс Абдураҳмонов (61) яна иккита гол киритиб, самарқандликларга 3:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
Термиздаги баҳсда «Сурхон» ва «Насаф» жамоалари очколарни бўлишиб олди. Учрашувнинг 66-дақиқасида Торнике Дзебниаури мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ 73-дақиқада Сардорбек Баҳромов мувозанатни тиклаб, «Насаф»га бир очко тақдим этди — 1:1.
Ушбу натижалардан сўнг, «Навбаҳор» 52 очко билан 3-ўринни мустаҳкамлади. «Насаф» 42 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. «Динамо» 34 очко билан 9-ўринга кўтарилди. «Андижон» 31 очко билан 10-поғонада, «Сурхон» 30 очко билан 12-ўринда бормоқда. «Машъал» эса 4 очко билан турнир жадвалининг сўнгги, 16-поғонасидан жой олган.
Бугун, 1 ноябрь куни Суперлига 26-туридан ўрин олган «Локомотив» – «ОКМК» учрашуви бўлиб ўтади. Тошкентдаги баҳс соат 16:00 да бошланади. Ушбу учрашувдан сўнг 26-тур доирасида 14 ноябрь кунига белгиланган «Нефтчи» – «Бунёдкор» баҳси қолади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА