Сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳасида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди
Мамлакатимизда рақамли трансформацияни жадаллаштириш, давлат ва хусусий секторда рақамли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро ҳамкорликлар кенгаймоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Евроосиё Тараққиёт Банки Бошқаруви Раиси ўринбосари Тигран Саргсян билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистонни рақамли ташаббусларни илгари суришда муҳим ҳамкор сифатида кўриб, турли давлатларда амалга оширилган илғор лойиҳалар тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун устувор бўлган рақамли лойиҳаларни аниқлаш ва уларни амалга ошириш бўйича таклифлар алмашилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, трансчегаравий рақамли хизматларни жорий этиш, ишончли рақамли инфратузилмаларни шакллантириш ва мавжуд ечимларни янада ривожлантириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, ақлли шаҳар ечимлари, жумладан, транспорт оқимларини бошқариш тизимлари, рақамли хизматлар платформаси, электрон тижорат ва логистика йўналишлари каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА