Сунъий интеллект ҳудудлардаги муаммоларга ечим топа оладими?
Сунъий интеллект ҳудудларни бошқаришда қандай янги имкониятлар очади? Ундан самарали фойдаланиш учун раҳбарлар ва масъул мутахассислар нимани билиши керак?
Айни шу саволларга амалий жавоб топишга қаратилган уч кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари иштирок этмоқда.

Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчиларнинг сунъий интеллект соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган машғулотлар ўтказилди. Асосий эътибор сунъий интеллект имкониятларидан бошқарув жараёнларида самарали фойдаланиш, рақамли ечимларни ҳудудларга татбиқ этиш ва бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш масалаларига қаратилди.

Ўқув-семинар доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан ҳам учрашув ташкил этилди. Унда ҳудудларда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, шунингдек, маслаҳатчиларнинг бу йўналишдаги вазифаларини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарнинг яна бир амалий қисми «Unicon-Soft» компаниясига ташриф билан давом этди. Иштирокчилар компания томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, замонавий рақамли ечимлар ва уларнинг амалиётдаги қўлланилиши билан яқиндан танишдилар.
Уч кунлик семинарнинг асосий мақсади ҳудудларда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича масъул мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, уларга амалий билим ва кўникмалар бериш ҳамда замонавий технологияларни бошқарув жараёнларига кенгроқ жорий этиш учун зарур ёндашувларни шакллантиришдан иборат.
Нигора Раҳмонова, ЎзА