Суд-экспертиза соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилинади
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Ҳиндистон Миллий суд-экспертиза фанлари университети вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Глобаллашув ва рақамли технологиялар асрида жиноятчиликнинг янги трансчегаравий шаклларига қарши курашиш суд-экспертиза ва криминалистика соҳасини тубдан янгилашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда мамлакатимиз халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириб, мазкур йўналишда дунёнинг етакчи марказларидан бири бўлган Ҳиндистон билан стратегик шерикликни йўлга қўйди.

Икки мамлакат ўртасидаги суд-экспертлик ва рақамли криминалистика соҳасидаги муносабатлар нафақат илмий-тадқиқотларни, балки юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқди.

Учрашув доирасида икки муассаса ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан маълумот ва фикр алмашилди. Мазкур меморандум ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун асос яратади.
Учрашув якунлари ва эришилган келишувлар юзасидан тегишли ахборот белгиланган тартибда Адлия вазирлигига тақдим этилди.
Г,Бобоева,ЎзА