
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, марҳум Тилеўберген Купбатулла ўғли Жумамуратов таваллудининг 106 йиллигига бағишланиб, “Қорақалпоқ маданий мерослари” мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирликлари, Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда нафақат мамлакатимиздаги, балки Россия Федерацияси, Белорусь, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёзувчи-шоирлар, олимлар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва шоирнинг яқинлари иштирок этди.
Бундай тадбирни ўтказишдан мақсад, қорақалпоқ адабияти ривожига улуш қўшган сиймоларнинг ижодини теран ўрганиш, тарғиб қилиш, уларнинг ўрнини белгилаш, миллий адабиётимизни дунё халқларига танитиш ҳисобланади. Шунингдек, ёшларимизда адабиёт, маданиятга бўлган муҳаббатни уйғотиш орқали уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишларига эришишдан иборат.
Конференция шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазма билан бошланди.
Унда Н.Корнилов, Қ.Бердимуратов, И.Алибеков, Ж.Изентаев, М.Қудайбергенов, Т.Сулайманов, Г.Қабулбекова ва бошқа рассомларнинг асарлари, музейда сақланаётган шоирга тегишли буюмлар, ижодий фаолиятини акс эттирувчи суратлар ва асарлари намойиш этилди.
Шоир шеърият, наср, драма ва публицистика жанрларида қалам тебратган эди. Аммо уни халқ орасида машҳур қилгани, бу шеърият бўлди. Унда камалакнинг жилосидек тўртликлар, термалари сонет, баллада, тимсол, юмор-ҳажвий шеърларидан тортиб, поэма, шеър-балладагача бор. Бу катта мерос йиллар оша ҳар томонлама ўрганиб келинмоқда.
Т.Жумамуратов фольклор ижодий муҳитда вояга етиб, ўз устада ишлаб, такомиллашиб, импровизатор шоир бўлиб етишди. У ўз шеърлари билан замонининг йилномасини ёзиб кетди, десак тўғри бўлади. Шоирнинг бой мероси ичида вақт синовларидан ўтиб, бугунги авлод маънавий дунёсидан жой олган, умуминсонийлик, одоб-икромлилик, янги ҳаёт талабларига жавоб берадиган асарлари анчагина. Уларнинг айримларида вақт, ҳаёт, жамият, одамлар, авлодлар алмашинуви сингари теран фалсафий тушунчалар англашилиб, ўқувчилар енгил қабул қиладиган даражада ихчам тасвирланган.
[gallery-1235]
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Тилеўберген Жумамуратов 1915 йили Мўйноқ туманининг Оқдарё овулида таваллуд топган. Дастлабки шеъри 1937 йилда чоп этилган. Шоирнинг “Юрак муҳаббати” (1956), "Дўстлик" (1959), "Менинг замондошларим" (1963), "Кароматли сиймо" (1975), "Тўлқинда" (1970) тўпламларидан сўнг "Танланган асарлари " (1967) 1978-82 йиллари асарларининг 2 жилдлиги, "Турли ошувлар" (1983), "Дўстлик ҳақида шеърлар" (1988), "Умр – ўзи фалсафа" (2005), "Макарья сулув" поэмаси (1973, 1975) каби асарлари нашр этилди.
Ижодкорнинг кўплаб шеърий асарлари, шунингдек "Макарья сулув" поэмаси рус, ўзбек тилларига таржима қилинди. “Қизлар ҳазили” (1976), "Тикланган туғ" (1971) пьесалари саҳналаштирилди.
Шоир Умар Ҳайём, Алишер Навоий, Ғабдулла Тоқай, Муса Жалил, Александр Пушкин асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилди.
Қорақалпоқ шоирлари орасида Т.Жумамуратов биринчи бӯлиб 1957 йилда "Қорақалпоғистон халқ шоири", 1969 йилда "Ўзбекистон халқ шоири" фахрий унвонларига сазовор бўлган.
– Ҳар бир халқни танитадиган, довруғини ёядиган улуғ фарзандлари бўлади, –дейди филология фанлари доктори, профессор Қурбонбой Жаримбетов. – Қорақалпоқ халқига ўткир қалами билан беминнат хизмат қилган фидойи фарзандларидан бири, сўз заргари Тилеўберген Жумамуратовдир. Замондошларининг айтишича, у туғма истеъдод соҳиби эди. Айниқса, шоирнинг сатирик шеърларида ичкиликбозлик, таъмагирлик, очкўзлик, гиёҳвандлик, амалпарастлик, нодонлик, қизғанчиқлик каби иллатлар ўткир тиғ билан нишонга олинади ва ошкор қилинади.
Конференцияда хорижий мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, талабалар томонидан шоирнинг ҳорижий тилларга таржима қилинган асарларидан парчалар ижро этилди. Тадбир доирасида ёшлар ўртасида шоир ижоди бўйича танлов ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида шоир асарлари асосида ташкил этилган санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА