Солиқ қўмитаси делегацияси ИҲТТ Глобал форуми йиғилишида иштирок этди
Солиқ қўмитаси делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича Глобал форуми Эксперт баҳолаш ва мониторинг гуруҳи (PRMG)нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Париж шаҳрида ўтказилган мазкур йиғилишнинг ишчи сессияларида Ўзбекистон Глобал форум доирасида эксперт баҳолаш жараёнидан ўтаётган юрисдикция сифатида қатнашди.
Ўзбекистондаги эксперт баҳолаш ишлари қарийб бир йил давомида олиб борилди. Жараён Солиқ қўмитаси ва Глобал форум экспертлари ўртасидаги ҳамкорлик асосида тегишли вазирлик ҳамда идоралар иштирокида ташкил этилди.

Шу даврда вазирлик ва идораларнинг қонунчилик асослари, шунингдек, амалиётдаги фаолияти батафсил кўриб чиқилди. Маъмурий тартиб-таомилларнинг халқаро стандартларга қай даражада мос келиши ҳам ўрганилди.
Париждаги ишчи сессияларда эса ушбу ўрганишлар натижалари кўриб чиқилди. Муҳокамаларда сўров асосида ахборот алмашинуви халқаро стандарти - EOIR (Exchange of Information on Request)нинг Ўзбекистонда жорий этилишига ҳам баҳо берилди.
Ўзбекистон мазкур Глобал форумга 2022 йилда қўшилган. Аъзолик доирасида мамлакатнинг солиқ шаффофлиги ва ахборот алмашинувига оид амалиёти халқаро талаблар асосида баҳоланиб боради. Бундай баҳолаш Глобал форумга аъзо юрисдикциялар учун белгиланган тартибда ўтказилади.

Ушбу жараён Ўзбекистонда солиқ шаффофлиги бўйича халқаро талабларни амалиётга жорий этиш, ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштириш ҳамда хорижий солиқ маъмуриятлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўрганишлар натижалари тегишли тартиблар якунланганидан сўнг ИҲТТнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА