Соҳавий кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиёт уйғунлаштирилади
Бугунги кунда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнда олий таълим муассасалари ҳамда соҳа ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, талабаларни амалиётга кенг жалб этиш ва улар учун замонавий лаборатория базасидан фойдаланиш имкониятларини яратиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги Навоий инновациялар университетида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси, Ўзбекистон миллий метрология институти ҳамда Стандартлар институтининг Сурхондарё филиаллари раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда университет ва соҳа ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабаларни ишлаб чиқариш ва соҳавий амалиётга жалб этиш, илмий-амалий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, талабалар ва тадқиқотчиларнинг замонавий лаборатория ҳамда ўлчаш ускуналаридан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва сифатни бошқариш йўналишларида амалий кўникмаларини ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида таълим жараёнини соҳадаги амалий тажриба билан уйғунлаштириш, талабаларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва илмий изланишларни амалиёт билан боғлашга қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Учрашув якунида томонлар кадрлар тайёрлаш, талабалар амалиётини самарали ташкил этиш, илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳадаги долзарб масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА