Соғлом ҳаёт ва ёшлар келажаги долзарб масала
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, “Экология ва саломатлик” аёллар клуби ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашув маркази ҳамкорлигида “Соғлом ҳаёт, онгли танлов ва ёшлар келажаги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
7 апрель — Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, онгли қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш каби масалаларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, “Экология ва саломатлик” аёллар клуби раиси Васила Алимова эрта никоҳнинг ёшлар саломатлиги, таълим олиши ва келажак имкониятларига салбий таъсири ҳақида атрофлича сўз юритди.

Шунингдек, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Соғлом турмуш тарзини шакллантириш бошқармаси бош мутахассиси Сайёра Муллаева “Яшил истеъмол ва инсон онги: одатларни ўзгартириш психологияси” мавзусидаги маърузасида инсон онги ва кундалик одатлар орқали экологик маданиятни шакллантириш, соғлом ва масъулиятли турмуш тарзига ўтиш масалалари ҳақида гапириб ўтди.

Тадбирда соғлом ҳаёт тарзини танлаш ҳамда онгли қарор қабул қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Мунозараларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
М.Комилова, ЎзА