Соғлом ҳаёт — миллий тараққиётнинг асосий капитали
Инсон қадрини юксалтириш — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг янги мақсади. Даволашдан профилактикага ўтиш, халқаро клиникаларни жалб этиш орқали мамлакат саломатлик ва узоқ умр кўриш масканига айланмоқда.
Инсон қадрини юксалтириш ҳақида гап кетганда, энг аввало, унинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечириши учун яратилган шароитлар назарда тутилади. Чунки инсоннинг билим олиши, меҳнат қилиши, оиласи ва жамият ривожига ҳисса қўшиши, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, аввало, унинг саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида соғлиқни сақлаш тизимига қўйилаётган талаб ҳам ўзгариб бормоқда. Эндиликда тиббиётнинг вазифаси фақат касалликни аниқлаш ва даволаш билан чекланмайди. Асосий эътибор касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мунтазам назорат қилиш, тиббий хизматнинг сифати ва оммабоплигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инсоннинг узоқ ва фаол умр кўриши учун зарур шароитларни яратишга қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгиланган иккинчи миллий дастур ҳам айнан халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган. Бу йўналишда кўзда тутилган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимининг молиявий имкониятларини кенгайтиришдан тортиб, тиббий суғуртани оммалаштириш, профилактик тиббиётга ўтиш, халқаро клиникаларни жалб этиш ва тиббий таълим ҳамда биотехнологияларни ривожлантиришгача бўлган кенг кўламли жараёнларни қамраб олади.
Анъанавий ёндашувда инсон кўпинча муаммо пайдо бўлганидан кейин шифокорга мурожаат қилади. Профилактик модел эса бунинг аксини назарда тутади: хавф омилларини эрта аниқлаш, мунтазам тиббий кўрикларни кучайтириш, касалликни бошланғич босқичидаёқ аниқлаш ва унинг оғирлашишига йўл қўймаслик. Бу эса бир вақтнинг ўзида тиббиёт тизимининг юкламасини камайтириш, оғир касалликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини беради. Айниқса, юрак-қон томир, онкологик, эндокрин ва бошқа сурункали касалликларда эрта аниқлаш ва мунтазам мониторинг муҳим аҳамият касб этади.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида бешта клиникасини Ўзбекистонга олиб келиш вазифаси ҳам белгиланган. Бу ташаббуснинг аҳамияти фақат хорижий клиникаларнинг мамлакатимизда фаолият юритиши билан чекланмайди. Халқаро тиббиёт муассасаларининг кириб келиши диагностика ва даволашнинг илғор усулларини маҳаллий амалиётга олиб кириш, мутахассислар малакасини ошириш, янги технологиялар ва бошқарув стандартларини жорий этиш учун имконият яратиши мумкин. Шунингдек, ихтисослашган тиббиётда рақобатнинг кучайиши тиббий хизмат кўрсатувчи муассасаларни сифат, технология ва беморга хизмат кўрсатиш маданиятини такомиллаштиришга ундайди.
Натижада халқаро даражадаги тиббий хизматларнинг мамлакат ичида ривожланиши фуқароларнинг мураккаб диагностика ва даволаш учун хорижга бориш заруратини камайтириш билан бирга, Ўзбекистоннинг ўзини минтақадаги тиббий хизматлар марказларидан бирига айлантириш учун ҳам замин яратиши мумкин.
Миллий дастурда Ўзбекистонни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантириш вазифаси қўйилаётгани масаланинг яна бир стратегик жиҳатини кўрсатади. Чунки замонавий тиббиёт фақат шифохона ва шифокордан иборат эмас. Унинг ортида илмий тадқиқотлар, фармацевтика саноати, лабораториялар, биотехнологиялар, тиббий технологиялар, рақамли ечимлар ва малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими туради.
Соғлиқни сақлашда белгиланган янги вазифаларнинг мазмунига эътибор қаратилса, асосий ўзгариш тизимнинг ўзида эмас, унга бўлган ёндашувда намоён бўлади. Тиббиёт тобора касаллик оқибатларини бартараф этадиган тизимдан инсон саломатлигини олдиндан асрашга қаратилган тизимга айланиши кўзда тутилмоқда.
Расул Соатов,
Жиззах давлат педагогика университети доценти,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори