"Сирли мижоз" тадбири: дорилар нархи 6 баробаргача оширилган
Рақобат қўмитасининг «сирли мижоз» тадбирлари давомида айрим дорихоналарда дори воситалари белгиланган нархдан 6 баробаргача қиммат сотилаётгани аниқланди.
Текширувлар давомида баъзи дорихоналарда рухсат этилган устама меъёрига амал қилинмагани, айрим дорилар эса белгиланган нархидан бир неча баробар юқори баҳода таклиф этилгани маълум бўлди. Энг юқори ҳолатлардан бири — 66 минг сўмдан сал ортиқ нархда сотилиши керак бўлган дори воситасининг 395 минг сўмдан таклиф этилганидир.
Жумладан, “SHUNQORLAR” МЧЖга қарашли дорихонада “ПОЛИМИК®” дори воситасининг рухсат этилган нархи 12 минг 837 сўм бўлгани ҳолда, у 70 минг сўмдан таклиф этилган. Яъни дори қарийб 5,5 баробар қиммат баҳоланган.

Шу дорихонада “КОНВУЛЕКС®” дори воситаси ҳам белгиланган нархдан кескин юқори — 395 минг сўмдан таклиф этилган. Унинг рухсат этилган нархи эса 66 минг 481 сўм.
“MUNO FARM” МЧЖга қарашли дорихонада ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. “СТИМУЛОТОН” дори воситасининг рухсат этилган нархи 50 минг 666 сўм бўлса, харидорга 295 минг сўмдан таклиф қилинган.
“CITY FARM” МЧЖга қарашли дорихоналарда “БАКТАМЕД” дори воситаси 18 минг 849 сўмлик рухсат этилган нарх ўрнига 63 минг сўмдан сотилган. Бу қарийб 3,3 баробар юқори нарх.
“HOSIL FARM” МЧЖга қарашли дорихонада эса “Лантус СОЛОСТАР” дори воситасига рухсат этилган 20 фоиз устама ўрнига 80 фоиз устама қўйилган ва дори 190 минг сўмдан сотилган. “СЛИДЕРОН” дори воситаси эса 115 минг 677 сўмлик рухсат этилган нарх ўрнига 349 минг сўмдан сотилган.
Бундан ташқари, “AMIR FARM TRADE”, “FERUZA NUR MED”, “LEADER PHARMGROUP”, “PHARM S GOLDEN” ва “RUSLAN BUYUK FARM”га қарашли дорихоналарда ҳам дори воситаларини белгиланган нархдан юқори баҳода сотиш ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Лицензия талаблари бўйича масалани қайта кўриб чиқиш учун ваколатли органларга сўровлар юборилди.
Рақобат қўмитаси эса дорихоналарда дори воситалари нархларининг белгиланган тартибга мувофиқлигини назорат қилиш мақсадида «сирли мижоз» тадбирларини давом эттиришини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА