Сирдарёлик Ёсинбек Одилов жаҳон чемпиони бўлди
Тошкент шаҳрида ўтказилаётган "Тошкент–2026" таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси яна бир ёрқин ютуққа эришди. -48 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Сирдарё вилояти вакили Ёсинбек Одилов мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлиб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
Ёсинбек финал баҳсида Ўмон вакили Довуд Ал-Юсуфига қарши татамига чиқди. Муросасиз ва кескин кечган учрашувда ҳамюртимиз юксак тайёргарлик ва аниқ тактик ҳаракатлари билан устунлик қилиб, рақибини 2:0 (5/1, 11/9) ҳисобида мағлуб этди ҳамда ҳал қилувчи беллашувда ғалабани ўз номига ёзди.

Ушбу натижа билан Ёсинбек Одилов жаҳон чемпионатида Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги илк олтин медални қўлга киритган спортчилардан бирига айланди. Мусобақа давомида жамоа умумий ҳисобда 1 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритиб, муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, спортчининг ғалабаси унинг узоқ муддатли ва тизимли тайёргарлиги, мураббийлар билан ҳамкорликда олиб борилган машғулотлар ҳамда юқори даражадаги жисмоний ва психологик барқарорлик натижасидир.

Шу билан бирга, бу ютуқ Сирдарё вилоят спорти тарихида ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланиб, ёшлар ўртасида таэквондо спорт турига бўлган қизиқишни янада ошириши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири