Сирдарё IT соҳасида яна бир муҳим қадам ташлади
Сирдарё вилоятида IT соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий натижалар қайд этилди. Тошкентда ўтказилган «ICT Week Uzbekistan 2026» халқаро ҳафталиги доирасида хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, уларнинг бештаси Сирдарё вилоятида юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Рўйхатдан ўтган компаниялар — Россиянинг «IT SFERA», Беларуснинг «AI Corporation», АҚШнинг «Pased Research», «Browstone Academy» ва «UNG Trans technologies» компанияларидир. Уларнинг Сирдарёда фаолият юритиши IT хизматлари бозорини кенгайтириш, рақамли лойиҳаларни кўпайтириш ва маҳаллий мутахассисларни соҳадаги янги лойиҳаларга жалб этиш учун йўл очади.

Халқаро ҳафталикда Сирдарё вилояти делегацияси таркибида туман ва шаҳар маслаҳатчилари, Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси ҳамда IT Park Сирдарё филиали вакиллари иштирок этишди. Мулоқотлар давомида хорижий ҳамкорларга вилоятнинг IT соҳасидаги салоҳияти, рақамли хизматлар бозори ва инвестиция учун мавжуд шароитлар ҳақида маълумот берилди.

АҚШ, Германия, Япония, Грузия, Оман ва Россия компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувларда IT хизматлари, рақамли технологиялар ва инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
— «ICT Week Uzbekistan» хорижий компаниялар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва аниқ натижага йўналтирилган музокаралар ўтказиш учун муҳим майдон бўлди. Учрашувлар якунида бешта хорижий IT компанияси Сирдарёда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Энди уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш, маҳаллий кадрларни жалб этиш ва рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш асосий вазифалардан, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров.

Мутахассиснинг таъкидлашича, IT соҳасини ривожлантиришда хорижий компанияларни жалб қилиш билан бир қаторда маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш ҳам муҳим. Шу боис ёшларни дастурлаш, сунъий интеллект ва бошқа рақамли йўналишларга ўқитиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Хорижий компанияларнинг Сирдарёда давлат рўйхатидан ўтказилиши вилоятнинг IT соҳасида халқаро ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири