Шириннинг экспорт харитаси кенгаймоқда
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида экспорт ва инвестиция фаоллиги ортиб бормоқда. Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида шаҳардаги 19 та корхона томонидан 2,4 миллион долларлик маҳсулот Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва Покистон бозорларига экспорт қилинди. Шу даврда шаҳар иқтисодиётига 53 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилди.
Бу ҳақда Ширин шаҳар ҳокимлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Экспорт географияси кенгайиши билан бирга ташқи бозорларга чиқарилаётган маҳсулотлар тури ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, «Teplo Elektro Montaj 20» МЧЖ томонидан қора металл ва ундан тайёрланган буюмлар, «Wang Da Rolling Steel» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан металлопрокат маҳсулотлари хорижий бозорларга етказиб берилган.

Агросаноат йўналишидаги корхоналар ҳам экспорт жараёнида фаол иштирок этмоқда. Жумладан, «Shirin Fruit» МЧЖ карам ва ловия, «Shirin Export» МЧЖ пиёз ва помидор, «Xorazm Dried Fruits Export Trade» МЧЖ эса тариқ ва ловия маҳсулотларини хорижий харидорларга етказиб берди.

Бу натижалар Ширин шаҳрида экспорт салоҳияти саноат маҳсулотлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобига ҳам кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Корхоналарнинг янги ташқи бозорларга кириб бориши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун экспорт йўналишларини диверсификация қилиш имконини кенгайтирмоқда.
Шаҳарда инвестиция фаоллиги ҳам изчил ошиб бормоқда. 2026 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 94,2 миллиард сўмлик 23 та лойиҳани ишга тушириш ва 158 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Ҳисобот даврида умумий қиймати 27,6 миллиард сўмлик 16 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 98 та янги иш ўрни яратилди.

— Ҳисобот даврида амалга оширилган инвестиция лойиҳалари шаҳарда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, саноат ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш, маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда, — дейди Ширин шаҳар Инвестициялар, саноат ва савдо шўбаси бош мутахассиси Шерзод Абдуназаров.
Шаҳар иқтисодиётига жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 53 миллион долларни ташкил этиб, белгиланган режа 210 фоизга бажарилди. «Эко қоғоз», «Wang Da Rolling Steel» МЧЖ қўшма корхонаси ҳамда «Фарҳод ва Ширин замини» корхоналаридаги лойиҳалар хорижий инвестициялар ҳисобига ривожлантирилмоқда.
Экспорт салоҳиятини оширишда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароит ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Матбуот анжуманида экспортёр корхоналарнинг транспорт ва суғурта харажатларини компенсация қилиш, халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этиш, молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги ташқи бозорларга чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, ташқи бозор талабларига мос ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги харидорлар ҳамда хорижий ҳамкорларни жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Журналистларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири