Шинжонга сафар: блогерлар ҳудуд ҳаётини ўз кўзи билан кўрди
Ахборотни турли манбалардан олиш мумкин. Бироқ муайян ҳудуд ҳаёти, одамларнинг кундалик турмуши ва у ердаги ўзгаришларни бевосита кузатиш, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш воқеликни чуқурроқ англашга ёрдам беради. Кариб ҳавзаси мамлакатларидан келган блогерлар ва медиа вакилларининг Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига сафари ҳам ана шундай таассуротларга бой бўлди.
13-17 октябрь кунлари Урумчи шаҳри ва Қашғар ҳудудида бўлган делегация аъзолари таълим муассасалари, турар жойлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва тарихий масканлар фаолияти билан танишди. Сафар давомида улар минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш шароити ва маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги ишларга эътибор қаратди.
Урумчида делегация аъзолари Синьцзян халқаро бозори, мактаблар ва турар жойлар билан танишди. Шунингдек, Шинжон-Уйғур автоном райони ташкил этилганининг 70 йиллигига бағишланган кўргазмани томоша қилди.
Ямайкалик блогер Сомойя Маттиснинг таъкидлашича, у сафар давомида кўрган манзаралар айрим Ғарб оммавий ахборот воситаларида шакллантирилган тасаввурлардан фарқ қилади. У маҳаллий аҳолининг турмуши ва ҳудуддаги ўзгаришлар билан танишиш унда катта таассурот қолдирганини қайд этди.
Антигуа ва Барбудадан келган мустақил журналист Петра Уильямс эса кўргазма орқали минтақанинг сўнгги ўн йилликлардаги тараққиёти, хусусан, аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган ишлар билан яқиндан танишиш имкони бўлганини айтди. Унинг фикрича, тарихий даврларни қамраб олган ҳужжатлар ва кўргазмали материаллар ҳудуднинг ривожланиш жараёнларини яхшироқ англашга хизмат қилади.
Сафарнинг Қашғар босқичида иштирокчилар анъанавий мусиқа асбоблари тайёрланадиган қишлоқ, қўзиқорин етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, Қашғар эски шаҳарининг тарихий қисмида бўлди.
Багама оролларидан келган блогер Джаки Эдли эски шаҳарни ободонлаштириш жараёнида маҳаллий аҳоли учун қулай шароит яратиш билан бирга, тарихий ва маданий меросни сақлашга ҳам эътибор қаратилганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу тажриба эътиборга лойиқ.
Суринамлик блогер Клифтон Брам эса сафар давомида кўрганларини шундай изоҳлади: ҳудуднинг кундалик ҳаёти, саноат ривожи, таълим, аҳоли фаровонлиги ва маданий анъаналарни асрашга қаратилган ишлар Шинжон ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берди.
У сафар чоғида кўплаб фото ва видео материаллар тайёрлаганини, уларни нашрга ҳозирлаб, Шинжон ҳақидаги таассуротларини кенг аудитория билан бўлишиш ниятида эканини билдирди.
Умуман, бундай сафарлар турли мамлакатлар вакилларига ҳудудларни бевосита ўрганиш, одамлар билан мулоқот қилиш ва кўрганларини ўз аудиториясига етказиш имконини беради. Шинжонга ташриф буюрган блогерлар учун ҳам маҳаллий ҳаёт, иқтисодий ўзгаришлар ва маданий анъаналар билан танишув сафарнинг муҳим қисми бўлди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА