Шимолий Корея яна бир ракетани синади
Шимолий Корея такомиллаштирилган 240 миллиметрли бошқариладиган мураккаб ракета тизимини синовдан ўтказди. Бу ҳақда мамлакатнинг Корея Марказий ахборот агентлиги (KCNA)хабар берди.
Маълумотга кўра, амалиёт артиллерия ва ракета қўшинини такомиллаштириш бўйича беш йиллик мудофаани ривожлантириш режаси доирасида ўтказилган.
Мустақил аниқ йўналтириш тизими билан жиҳозланган мазкур қурилма масофа бўйлаб парвоз давомида 100 километргача, бирлаштирилган сирпаниш режимида эса 115 километргача бўлган масофадаги нишонга зарба бера олади. Синов чоғи нишонга зарба бериш аниқлиги ҳам текшириб кўрилган.
Бу ракета мамлакатнинг Жанубий Корея билан чегара ҳудудида ўт очишга тайёргарлик салоҳиятини сезиларли даражада ошириши айтилмоқда.
Синовни Иккинчи иқтисодий комиссия раиси Ко Пён Хён бошқарган. КХДР Меҳнат партияси Марказий ҳарбий комиссияси раиси ўринбосари Пак Чон Чхон ва бошқа юқори лавозимли ҳарбий амалдорлар жараённи кузатиб турган.
Пак Чон Чхон “энг ҳалокатли ва вайронкор” зарба кучини жанубий чегара ҳудудида жамлаш, мамлакатнинг узоқ масофага зарба бериш воситаларини янада замонавийлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам 22 сентябрь куни Шимолий Корея ҳудудидан бир неча ракета учирилганини тасдиқлаб, мосламалар Сариқ денгиз томон йўналтирилганини хабар қилган.
Сеулдаги Кённам университети профессори Лим Иль Чхул “Reuters” агентлигига билдиришича, аниқ йўналтириш тизими қўлланилиши пойтахт метрополия ҳудудидаги муҳим нуқталарга зарба бериш имкониятини ошириши мумкин. Бундай салоҳият аҳоли зич жойлашган ҳудуд учун жиддий хавф туғдиради.
Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Чхве Сон бугунги баёнотида мамлакатнинг ядровий қуролга эга давлат мақоми ўзгармас ва ортга қайтмас хусусиятга эгалигини билдирди.
Нодира Қаюмова, ЎзА