Шахмат: Ўзбекистоннинг мактаб ўқувчилар жамоаси қитъада тенгсиз
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатига йўлланма тақдим этадиган Осиё саралашида ўзбекистонлик ёшлар жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
19 давлатнинг 26 та мактаб жамоалари қаторида Ўзбекистоннинг икки жамоаси – “WISDOM SCHOOL” ҳамда “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” шахматчи ёшлари 8 та турдан иборат мусобақаларда ғолиблик йўлида кураш олиб борди.
Маълумот учун, “WISDOM SCHOOL” жамоаси миллий саралаш мусобақаси ғолиби сифатида қиитъа чемпионатига йўлланма олган бўлса, “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” жамоаси ФИДE комиссияси қарорига мувофиқ номзод жамоа сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган.

Мамлакатимизнинг ёш ва иқтидорли шахматчилари Абдумажид Ботиралиев, Орият Обиджонов, Билолиддин Обидов ва Алишер Абдуқаюмовдан ташкил топган “WISDOM SCHOOL” жамоаси ўтказилган деярли барча ўйинларда рақибларидан устунликка эришди.
Ҳамюртларимиз ўтказилган 8 та турда умумий ҳисобда 228 очко жамғарди ва Осиё чемпионлигини тантана қилди.
Кейинги поғоналарни Россия, Ҳиндистон ва Қозоғистон мактаб жамоалари банд этган бўлса, мамлакатимизнинг “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” шахматчи ёшлар жамоаси 8 та ўйиндан 54 очко жамғариб, 23 поғонадан жой олди.

“WISDOM SCHOOL” шахматчилари дастлабки турда Қирғизистоннинг “SCHOOL NO. 70” жамоасини 3,5:0,5, кейинги турларда Баҳрайннинг “SPSC MALIBAGH” жамоасини 3:1, Янги Зеландиянинг “ACG SUNDERLAND” шахматчиларини 3:1, Россиянинг “KURCHATOV SCHOOL” жамоасини 2,5:1,5, Қозоғистоннинг “SEED UNIKER SCHOOL” вакилларини 3,5:1,5, Ҳиндистоннинг “VELAMMAL MHS SCHOOL” шахматчиларини 3:1, Хитойнинг “BASHU SECONDARY SCHOOL” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Бугун, 10 апрель куни ўтказилган сўнгги 8-тур мусобақасида “WISDOM SCHOOL” жамоамиз Олмаотанинг “RPMS ALMATY” жамоасидаги тенгдошларидан 4:0 кўринишида устунликка эришиб, чемпионликни тантана қилди.
Энди Абдумажид Ботиралиев, Орият Обиджонов, Билолиддин Обидов ва Алишер Абдуқаюмовдан иборат “WISDOM SCHOOL” жамоаси жорий йилнинг декабрь ойида мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида Африка, Америка, Европа ва Осиёнинг 4 та жамоаси иштирокида ўтадиган жаҳон чемпионати финал мусобақасида нафақат Ўзбекистон, балки қитъа шарафини ҳимоя қилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА