Шахмат олимпиадаси: совринли ўринлар учун курашнинг юқори нуқтаси яқинлашмоқда
Бугун, 25 сенябрь куни Самарқанд шаҳрида давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 9-тур баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий жамоалари АҚШ ва Ҳиндистон билан куч синашади.
Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси океан орти вакилларига қарши дона сурса, аёллар жамоамиз Ҳиндистон қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Шунингдек, ушбу турда Ўзбекистон-2 эркаклар жамоаси Нидерландия, Ўзбекистон-3 вакиллари Қирғизистон йигитлари билан рўбарў келади.
Мамлакатимизнинг иккинчи аёллар жамоаси Исландия, Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Италия терма жамоаси билан тўқнаш келади.
Ортда қолган 8-тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси 14 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига шахмат олимпиадасида пешқадамлик қилаётган бўлса, кеча ҳамюртларимиздан очко тортиб олган Германия вакиллари худди шунча очко билан 2-ўринда ҳаракатланмоқда.
[gallery-31608]
13 очкога эга Хитой, Нидерландия, АҚШ, Озарбайжон, Ҳиндистон, Франция, Арманистон ва Ўзбекистон-2 жамоаси етакчиларни таъқиб этмоқда.
Шу жиҳатдан, якунланишига 3 та тур ўйинлари қолган вазиятда совринли ўринларга даъвогарлик учун кураш айнан ушбу жамоалар ўртасида кечиши тобора ойдинлашмоқда.
Кўриниб турибдики, 9-турдаги Ҳиндистон-Германия, Франция-Хитой, Ўзбекистон-2-Нидерландия, Озарбайжон-Арманистон жамоалари иштирокидаги қарама-қаршилик баҳслари совриндорликка қайси жамоалар жон-жаҳди билан интилаётганлигини кўрсатиб бериши билан аҳамиятлидир.
[gallery-31608]
Аёллар жамоалари иштирокида ўтаётган мусобақаларда Ўзбекистон-1 жамоаси шахмат олимпиадасининг кашфиёти бўлишга яқин келмоқда.
Кеча якунланган 8-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Нидерландия вакилларини 3:1 ҳисобида мағлуб этиши аёллар мусобақасининг ўзига хос шов-шувли натижаси сифатида талқин этилди.

9-тур ўйинлари остонасида Хитой жамоаси 15 очко билан турнир жадвалини бошқариб турган вазиятда Қозоғистон, Арманистон ва Муғулистон жамоалари 14, Ҳиндистон, Ўзбекистон-1 ва Грузия шахматчи қизлари 13 очко билан совринли ўринларга даъвогарликни давом эттирмоқда.

Бугун ўтадиган 9-тур ўйинларидаги Ўзбекистон-1-Ҳиндистон, Хитой-Арманистон, Мўғулистон-Қозоғистон, Грузия-Греция жамоалар баҳси совринли ўринлар йўлидаги энг муҳим курашлар кўринишини олиши билан аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат шахмат олимпиадаси мусобақалари 27 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, А. Мамадаминов (сурат), ЎзА