Шаҳрихонда дўппи кўргазмаси
Шаҳрихон туманидаги “Ҳунармандлар маркази”да “Андижон дўпписи” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги “Географик кўрсаткичларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Унда миллий дўппидўзлик санъатини тарғиб этиш, дўппидўзлик анъаналарини ҳамда ушбу йўналишда “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, шунингдек, “Андижон дўпписи”нинг географик кўрсаткич сифатидаги аҳамиятини янада ошириш кўзда тутилга.
"Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда Туризм Андижон вилояти бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада вилоятдаги 20 дан зиёд фаол дўппидўз ҳунармандлар ўзлари тайёрлаган ранг-баранг дўппилар билан иштирок этди.
Кўргазмада Андижон дўппидўзлик санъатининг ўзига хос анъаналари, миллий нақшлар ва безаклар уйғунлиги, ҳунармандларнинг маҳорати намойиш этилди.


Айтиш жоизки, Андижон дўпписи – халқимизнинг бой маданий мероси, нафис диди ва кўп асрлик ҳунармандлик анъаналарини ўзида мужассам этган ноёб санъат намуналаридан бири ҳисобланади.
– Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, – дейди Шаҳрихон тумани Андижонлик маҳалласида яшовчи дўппидўз ҳунарманд, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Ёрқиной Тўйчиева. – Миллий либосларимиз, айниқса, ўзбекнинг дўпписи миллийлигимизни кўрсатувчи воситалардан бири. Шу маънода миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, миллий маънавият ва ўзлигимизнинг тобора чуқур илдиз отишига, дўппидўзлик ҳунари анъаналари бардавомлигига ҳисса қўшган бўламиз.
Дарҳақиқат, дўппи халқимизнинг миллий либоси, миллий қадриятларимиздан. Дўппидўз ҳунармандларнинг таъкидлашича, дўппи нафақат бош кийими, балки бошқа турли вазифаларни бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди.
Дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маъноларни англатади. Жумладан, “Андижон дўпписининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туришини, четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳибининг серфарзанд ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. "Бодом" безаги эса ҳаёт ва унумдорлик тимсоли, "Илон изи" нақши эса турли балолардан асровчи тумор сифатида баҳоланган.



Ташкилотчилар томонидан кўргазмада фаол иштирок этган бир гуруҳ дўппидўз ҳунармандларга сертификатлар тақдим этилди.
Ушбу кўргазма миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, дўппидўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “Андижон дўпписи”нинг географик кўрсаткич сифатидаги аҳамиятини янада оширишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.