Сергей Есенин музейи: тарихий бино нега таъмирланмоқда?
Тошкентдаги Сергей Есенин мемориал музейи биносида олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари жамоатчилик эътиборида.
Мазкур музейда Маданий мерос агентлиги масъуллари, мутахассислар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, бинода амалга оширилаётган ишлар сабаблари ва режалар юзасидан маълумот берилди.
Учрашувда Маданий мерос агентлигининг Музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Бекзод Пўлатов, Юридик бўлим бошлиғи Аҳадулла Аҳмедов, Маданий мерос илмий-тадқиқот институти директори Санжар Арипов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Музей биносида қандай муаммолар аниқланган?
Мулоқот давомида музей биносининг техник ҳолати бўйича ўтказилган визуал-инструментал ўрганиш натижалари жамоатчиликка тақдим этилди. Ўрганишлар давомида бинодаги айрим юк кўтарувчи ва конструктив қисмларда турли даражада шикастланиш ҳамда емирилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
Хусусан, деворларнинг айрим қисмларида фойдаланилган қурилиш материалларининг бугунги ҳолати қўшимча техник ечимларни талаб қилиши қайд этилган. Мутахассислар бундай ҳолатларнинг юзага келишида бинодан узоқ йиллар давомида фойдаланилгани, конструкцияларнинг табиий эскириши, ташқи муҳит таъсири ва бошқа омиллар сабаб бўлганини таъкидлади.
Шу боис бинонинг конструктив барқарорлигини таъминлаш ва унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш учун таъмирлаш-тиклаш ишларини техник хулосалар асосида амалга ошириш зарурлиги тушунтирилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади музей биносини ўзгартириш эмас, балки уни асраб-авайлаш, конструктив қисмларини мустаҳкамлаш ва музей фаолияти ҳамда ташриф буюрувчилар учун хавфсиз шароит яратишдан иборат. Таъмирлаш-тиклаш жараёнида бинонинг тарихий қиёфаси ва маданий қийматини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Техник ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, зарур конструктив қисмларни мустаҳкамлаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, музей фаолияти ва ташриф буюрувчилар учун шароитларни яхшилаш режалаштирилган.
Учрашувда фуқаролар ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Маданий мерос агентлиги вакиллари таъмирлаш-тиклаш ишларининг ҳар бир босқичи бўйича жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига ахборот бериб борилишини маълум қилди. Шу тариқа, Сергей Есенин мемориал музейидаги ишлар, аввало, тарихий бинонинг ҳолатини барқарорлаштириш, унинг маданий қимматини асраб қолиш ва келгусида музей сифатида хавфсиз фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган.
Маданий мерос агентлиги томонидан музейни тарихий қиёфаси ва маданий аҳамиятини сақлаган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган талаблар асосида амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА