Саудия Арабистонининг тўрт шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
“Anadolu” нашри хабар беришича, Саудия Арабистони Фуқаролик муҳофазаси бош бошқармаси мамлакат жанубидаги Хамис-Мушаит, Абха, Жазон ва Нажрон шаҳарлари аҳолисини эҳтимолий хавф-хатарлардан огоҳлантирган.
Ташкилот томонидан тарқатилган баёнотда фуқароларнинг жони ва мулкини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланган фавқулодда протоколларга қатъий амал қилиш ҳамда мутасадди идоралар кўрсатмаларига диққат билан риоя этиш муҳимлиги таъкидланган.
Гарчи хавфнинг муайян тури ва тафсилотлари очиқланмаган бўлса-да, бундай чоралар одатда минтақадаги хавфсизлик вазияти билан боғлиқ бўлади.
Маълумки, хусийлар гуруҳи Саудия Арабистони чегара ҳудудлари ва жанубий вилоятларини тез-тез нишонга олиб келади. Шу сабабли, ушбу ҳудудлардаги ҳарбий объектлар ва муҳим инфратузилма иншоотлари чегара ортидан учирилган дронлар ҳамда баллистик ракеталар хавфи остида қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА