Санъаткорлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик икки халқни янада бирлаштирмоқда
Ўзбекистон ва Тожикистон асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган, тарих, тил, урф-одат ва қадриятлар билан чамбарчас боғланган икки яқин халқдир. Бу яқинлик бугун ҳам ўз ифодасини топиб, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорликда намоён бўлмоқда.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, маданий алоқаларнинг сезиларли даражада фаоллашувига хизмат қилмоқда. Қўшма концерт дастурлари, кўргазмалар, кино ва театр лойиҳалари орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланиб, умумий маданий макон тушунчаси амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Жорий йилнинг 26–27 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Ташриф доирасида 26 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари икки мамлакат санъаткорлари иштирокидаги анъанавий концерт дастурини томоша қилдилар. Ушбу маданий тадбир дўстлик ва яқинликнинг яна бир ёрқин ифодасига айланди.
Мазкур тадбирда иштирок этган тожикистонлик таниқли санъаткор Гулжамол Илҳомий ўз таассуротларини биз билан ўртоқлашди.
— Концерт юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтди. Икки давлатнинг қўшничилик ришталари биз учун катта бахт ва бебаҳо неъматдир. Айниқса, давлат раҳбарларининг учрашуви ушбу дўстликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Бундай нуфузли тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф.
Батафсил қуйидаги видеода
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6rYgpSYrn7w" title="San’atkorlar o‘rtasidagi ijodiy hamkorlik ikki xalqni yanada birlashtirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Марҳабо Ҳожиакбарова,
Искандар Исматов (видео), ЎзА