Самарқандда очиқ мулоқот: аэропорт ходимлари ва ёшлар масаласи – эътибор марказида
Самарқанд халқаро аэропортида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда йўловчилар учун янада қулай шарт-шароитлар, авиация ходимлари ва ёш мутахассислар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Uzbekistan Airports авиакомпанияси раҳбарияти, хусусан, компаниянинг тезкор фаолият бўйича бошқарув раиси ўринбосари бошчилигида бўлиб ўтган тадбирда шаҳар аҳолиси, аэропорт ходимлари, тадбиркорлар ва авиакомпания вакиллари иштирок этди.
Мулоқот аввалида қатнашчилар ўз мурожаатларини билдириш , иш жараёни ва шароитига ижобий таъсир кўрсатадиган аниқ таклифларни киритди.
Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи мухокамаларнинг асосий йўналишлардан бири бўлди. Шунингдек, бандлик, иш шароитларини яхшилаш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ходимлар ва ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ишбилармон доира вакиллари ҳам тақдим этилаётган хизматлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, йўловчилар ва мижозлар билан ҳамкорликни янада самарадор, қулай ва ҳаммабоп қилиш зарурлигини қайд этди.
Шу куни Uzbekistan Airports раҳбариятининг ёшлар билан алоҳида мулоқоти ўтказилди.
Унда иштирокчилар бевосита савол-жавоб қилиб, ўз ғоялари билан бўлишиб, касбий ривожланиш имкониятларини муҳокама қилди. Авиация соҳасида ёш мутахассисларнинг истиқболлари, янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришдаги иштироки ҳамда касбий фаолиятни бошлашда дуч келаётган вазиятлар юзасидан фикр алмашилди.
Бу каби учрашувлар соҳадаги долзарб муаммоларни бевосита ходимлар, тадбиркорлар ва ёш мутахассислар нигоҳида кўриш имконини беради.
Шу боис, сайёр қабуллар ва ёшлар билан мулоқотлар алоҳида аҳамиятга эга. Самарқандда бўлиб ўтган учрашув раҳбарият ва аҳоли ўртасидаги ана шундай ҳамкорлик учун кенг майдон вазифасини ўтади. Билдирилган таклиф ва мурожаатлар аэропорт фаолиятини янада такомиллаштириш учун хизмат қилади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА