Самарқандда 650 мингдан ортиқ бизнес вакиллари рўйхатга олинди
Шу йилнинг 15 октябрь – 30 ноябрь кунлари юртимизда бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилмоқда ва бу жараёнда Самарқанд вилоятида 677 мингдан ортиқ иқтисодий бирликни рўйхатга олиш белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Вазирлар Маҳкамасининг 9 октябрдаги қарорига кўра ўтказилаётган рўйхатга олиш тадбири мамлакатимиздаги барча иқтисодий бирликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва статистик маълумотлар базасини янгилаш мақсадида ташкил этилди. Бунда 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра шакллантирилган маълумотлар бўйича иш олиб борилмоқда.

– Мазкур тадбир юртимизда фаолият юритаётган иқтисодий бирликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш орқали субъектлар сони, таркиби, иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимоти ва фаолият ҳолатига аниқлик киритишга қаратилган, – дейди Самарқанд вилояти статистика бошқармаси бўлим бошлиғи Фирдавс Шукуров. – Шунингдек, статистик регистрларда корхона ва ташкилотларга тегишли маълумотларнинг долзарблиги, тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда танланма кузатувларни ташкил этиш учун сифатли статистик асослар шакллантирилмоқда. Қолаверса, узатилмайдиган иқтисодиёт кўламини баҳолаш, миллий ҳисоблар тизими кўрсаткичлари сифатини ошириш учун зарур маълумотлар базасини такомиллаштириш, республика ва ҳудудлар даражасида ижтимоий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш жараёнларини ишончли маълумотлар билан таъминлаш кўзда тутилган. Рўйхатга олиш жараёнида давлат рўйхатидан ўтган-ўтмаганлиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иқтисодий субъектлар – йирик, ўрта, кичик корхоналар, микрофирмалар, филиаллар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилганлар ҳамда хорижий ваколатхоналар қамраб олинмоқда. Бу ишни, қарорда белгиланганидек, савдо комплекслари ва бозорларда статистика ходимлари, маҳаллаларда эса ҳоким ёрдамчилари амалга оширмоқда. Айни пайтда вилоятимиздаги 145 та савдо комплекси, бозорлар ва уларнинг филиалларида статистика идораларининг 84 нафар ходими, 1063 та маҳаллада эса ҳоким ёрдамчилари рўйхатга олишда қатнашмоқда.
Шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Самарқанд вилоятида 677 минг 404 та иқтисодий бирликлар, жумладан, 60 минг 446 та юридик ташкилот, 96 минг 197 та якка тартибдаги тадбиркор ҳамда 520 минг 761 та ўзини ўзи банд қилганлар мавжудлиги қайд этилган. Шу пайтгача 650 минг 455 та (96 фоиз) иқтисодий бирлик рўйхатга олинди.

Рўйхатга олишда тадбиркорлар махсус ахборот тизимлари орқали мустақил равишда онлайн (юридик шахслар hisobot.stat.uz, ўзини ўзи банд қилганлар census.stat.uz порталлари орқали) ёки жойларда планшетли сўровномалар ёрдамида рўйхатдан ўтмоқда. Хусусан, 17 минг нафарга яқин ўзини ўзи банд қилганлар census.stat.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган.
Йирик, ўрта ва кичик корхоналар, микрофирмалар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, давлат ва нотижорат ташкилотлари, шунингдек, хорижий корхоналарнинг ваколатхоналари hisobot.stat.uz тизими орқали сўровномаларини онлайн тўлдириш имкониятидан фойдаланмоқда.

– Рўйхатга олиш жараёнида ўзимизга ҳам кўп мурожаат бўлгани учун бизнесни рўйхатга олиш жараёни солиқ ёки назорат текшируви ҳисобланмайди, тўпланган барча маълумотлар қонун билан сир сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади, – дейди Фирдавс Шукуров. – Бу орқали корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри тўлиқ янгиланади ва нофаол ёки реал фаолият юритаётган субъектлар сонига аниқлик киритилади. Бизнес муҳитининг ҳақиқий ҳолати, ҳудудлар ва соҳалар кесимидаги реал кўрсаткичлар бўйича ишончли маълумотлар базаси яратилади ва бу давлат дастурларини самарали шакллантиришга хизмат қилади.
Бизнесни рўйхатга олиш 30 ноябрь куни якунланади. Умумлаштирилган расмий статистик натижаларни 2027 йил 1 сентябрга қадар Миллий статистика қўмитасининг расмий сайтида эълон қилиш кўзда тутилган.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири