Самарқанд шаҳрида “Барнахус” модели асосида “Нажот” болалар маркази ташкил этилади
“Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 20 октябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118, 119, 121, 128, 128¹, 129-моддаларида, 135-моддаси учинчи қисми “б” бандида ҳамда 141³-моддаси иккинчи қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича жабрланган вояга етмаган шахсларни ишни судга қадар юритиш жараёнида сўроқ қилиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш, таниб олиш учун кўрсатиш ва заруратга кўра бошқа процессуал ҳаракатлар Марказнинг ихтисослаштирилган хоналарида амалга оширилади.
Процессуал ҳаракатлар Марказ психологининг хулосаси асосида махсус тайёргарликдан ўтган прокуратура органининг ходими (интервьюер) томонидан амалга оширилади.
Процессуал ҳаракатлар мажбурий тартибда аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади, уларни Марказда сақлаш, учинчи шахсларга бериш ва ҳар қандай шаклда тарқатишга йўл қўйилмайди.
Бу ёзувлар далил деб эътироф этилади ва болани судга чақирмасдан суд муҳокамасида қўлланилиши мумкин.
Жабрланувчи боланинг қонуний вакилининг иштирокисиз гумон қилинувчи, айбланувчи ёки уларнинг яқинлари ва ҳимоячилари билан бевосита учрашувига йўл қўйилмайди.
2027 йил 1 январдан бошлаб жиноят иши бўйича жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида жалб қилинган болаларга болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туну кун фаолият кўрсатувчи “1246” ишонч телефони “112” қисқа рақам орқали чақирувларни қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади.
ЎзА