Самарқанд мулоқоти: Минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Халқаро муносабатлар тизимида давлатнинг мавқеи, аввало, ўз миллий манфаатларини қай даражада самарали ҳимоя қилиши, ташқи ҳамкорлик имкониятларидан қандай фойдаланиши ва глобал ўзгаришлар шароитида тараққиётнинг узоқ муддатли мақсадларини белгилай олиши билан намоён бўлади. Бугун дунёда савдо йўналишлари қайта шаклланаётган, энергетика ва муҳим минерал ресурсларига талаб ортаётган, рақамли технологиялар иқтисодий рақобатнинг ҳал қилувчи омилига айланаётган бир шароитда минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти янада кучаймоқда.
Шу нуқтаи назардан, Самарқандда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Америка Қўшма Штатларини бирлаштирган «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг мамлакатимизга ташрифи ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотлар муҳим сиёсий-дипломатик аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашуви, Америка компаниялари раҳбарлари билан мулоқотлари ва Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ҳамда инвестиция кенгаши доирасидаги тадбирлар ўзаро муносабатларнинг амалий йўналишларини кенгайтиришга қаратилди.
Мазкур жараёнларнинг моҳияти шундаки, бугун ташқи сиёсатда дипломатик мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Сиёсий ишонч инвестициявий алоқалар учун шароит яратса, иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор натижалари давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг узоқ муддатли асосларини мустаҳкамлайди.
“C5+1” — минтақавий манфаатларни уйғунлаштириш майдони
2015 йилда бошланган «C5+1» формати Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама мулоқот механизми ҳисобланади. Ушбу платформа сиёсий маслаҳатлашувлар билан бирга, савдо, инвестиция, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳаларидаги умумий вазифаларни муҳокама қилиш имконини беради.
Форматнинг аҳамиятини, энг аввало, Марказий Осиёнинг географик жойлашуви ва иқтисодий салоҳияти билан боғлиқ ҳолда баҳолаш лозим. Минтақа Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги савдо алоқаларида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, бу ерда энергетика ресурслари, муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Бироқ, салоҳиятнинг мавжудлиги ўз-ўзидан иқтисодий устунликни таъминламайди. Бунинг учун мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, транспорт тармоқларини ўзаро боғлаш, божхона жараёнларини соддалаштириш, инвестициявий тўсиқларни камайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш талаб этилади.
Масалан, минтақавий транспорт йўлакларининг ривожланиши Ўзбекистон экспортчилари учун янги бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтиради. Бироқ, бундай йўналишларнинг самараси фақат янги инфратузилма қурилиши билан эмас, балки ташилаётган юк ҳажми, етказиб бериш муддатлари, логистика харажатлари ва экспорт географиясидаги ўзгаришлар билан ҳам ўлчаниши керак.
Шу маънода, «C5+1»нинг асосий вазифаси алоҳида давлатларнинг ташқи алоқаларини кенгайтириш билан бирга, минтақанинг умумий иқтисодий имкониятларини ҳам ишга солишдан иборат. Бунда Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, тенг ҳуқуқлилиги ва миллий манфаатларини ҳурмат қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир иштирокчи учун ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорликгина узоқ муддатли ишонч ва барқарор натижаларни таъминлай олади.
Самарқанд мулоқотининг сиёсий мазмуни
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг ташрифи Ўзбекистон–Америка муносабатларидаги сиёсий мулоқотни иқтисодий ва технологик ҳамкорлик билан тўлдириш нуқтаи назаридан эътиборга молик.

Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, таълим, инновация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатлараро муносабатларда сиёсий мулоқотнинг самараси фақат учрашувларнинг мунтазамлиги билан белгиланмайди. Унинг мазмуни томонларнинг бир-бирини қанчалик яхши тушуниши, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиши ва эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини йўлга қўйиши билан белгиланади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан манфаатли муносабатларни кенгайтириш муҳим ўрин тутади. Бундай ёндашув мамлакатга ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, янги технологиялар ва сармояларни жалб этиш, халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун шароит яратади.
Шу билан бирга, ҳар қандай шерикликда миллий иқтисодиёт эҳтиёжлари, узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари устувор бўлиши зарур. Демак, Самарқанддаги мулоқотнинг муҳим жиҳати — сиёсий алоқаларни аниқ иқтисодий ташаббуслар, технологик ҳамкорлик ва амалий лойиҳалар билан бойитишга бўлган интилишдир.
Инвестициявий ҳамкорлик: сармоядан технологик тараққиётга
Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши иқтисодий муносабатларнинг амалий йўналишларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда инвестиция мамлакат иқтисодиётига фақат молиявий ресурс олиб кириш воситаси эмас. У ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Шу боис Ўзбекистон–Америка иқтисодий ҳамкорлигининг истиқболларини баҳолашда сармоя ҳажми билан бир қаторда, унинг иқтисодиёт таркибига таъсирига ҳам эътибор қаратиш лозим.
АҚШнинг “Traxys” компанияси билан муҳим минераллар, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Компания билан шартномавий келишувлар тузилгани ва Тошкентда унинг Марказий Осиёдаги биринчи минтақавий офиси очилгани ҳам иқтисодий алоқаларнинг амалий мазмунини кўрсатади.
Бу ерда асосий масала — табиий ресурсларни шунчаки хомашё сифатида экспорт қилишдан юқорироқ иқтисодий босқичга ўтиш. Чунки ресурсни чуқур қайта ишлаш янги ишлаб чиқариш қувватлари, иш ўринлари, технологик билимлар ва қўшимча экспорт имкониятларини яратади.
Мазкур ёндашув Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатнинг технологик даражасини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро қиймат занжирларидаги иштирокини кенгайтириш учун муҳим.
Бунда лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, бажарилиш муддатлари, маҳаллий корхоналар билан кооперацияси ва кадрлар тайёрлашга таъсири алоҳида аҳамиятга эга. Ана шу мезонлар инвестицияларнинг узоқ муддатли иқтисодий натижаларини белгилайди.
Молия бозоридаги ислоҳотлар ва янги имкониятлар
Самарқандда АҚШнинг “Franklin Templeton” компанияси раҳбарияти билан ўтказилган учрашув ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишини намоён этди. Учрашувда Ўзбекистонда йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш, миллий инвестиция фонди фаолияти ва корхоналарни халқаро капитал бозорларига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди акцияларининг Лондон ва Тошкент биржаларида жойлаштирилиши мамлакат тарихидаги биринчи халқаро IPO бўлди. Ушбу жараёнда қарийб 700 миллион доллар маблағ жалб этилди, акцияларга бўлган талаб таклифдан тўрт мартадан зиёд юқори бўлди.
Бу натижанинг аҳамияти фақат молиявий маблағ жалб қилингани билан чекланмайди. Халқаро капитал бозорларига чиқиш корхоналар фаолиятида ошкоралик, корпоратив бошқарув, молиявий ҳисобдорлик ва инвесторлар ишончини таъминлашга бўлган талабни кучайтиради.
Давлат корхоналарини трансформация қилишнинг асосий мақсади ҳам уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, бошқарув сифатини ошириш ва иқтисодий рақобатбардошлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Шу билан бирга, акцияларни оммавий жойлаштириш жараёнларида аҳоли иштирокини кенгайтириш ҳам муҳимдир. Бу фуқароларга миллий иқтисодиётдаги ўсиш жараёнларида иштирок этиш имконини бериши, ички капитал бозорини ривожлантириши мумкин.
Бундан аёнки, халқаро молиявий ҳамкорлик иқтисодиётга маблағ жалб қилиш билан бирга, бошқарув маданиятини такомиллаштириш ва корпоратив масъулиятни ошириш воситаси ҳамдир.
“Артемида” келишувлари: илм-фан ва технологиялар сари қадам
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио томонидан «Артемида келишувлари»нинг имзоланиши ҳам ташрифнинг эътиборли воқеаларидан бири бўлди.

Мазкур келишувлар Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва ўзлаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тамойилларини белгилайди. Ўзбекистон ушбу ҳужжатни имзолаган 77-мамлакат бўлди.
Замонавий дунёда космик тадқиқотлар фақат фазони ўрганиш билан чекланмайди. Сунъий йўлдошлар орқали алоқа, навигация, иқлим кузатувлари, қишлоқ хўжалиги мониторинги, табиий офатларни баҳолаш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш имкониятлари кенгаймоқда.
Шу нуқтаи назардан, халқаро космик ҳамкорлик Ўзбекистон учун илмий салоҳиятни ривожлантириш, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш учун янги имкониятлар яратиши мумкин.
Бироқ, халқаро келишувнинг амалий самараси унинг асосида қандай илмий дастурлар, таълим лойиҳалари ва технологик ташаббуслар ишлаб чиқилишига боғлиқ. Университетлар, илмий марказлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мазкур имкониятлардан самарали фойдаланишнинг муҳим шарти.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШнинг тарихий-маданий алоқаларига бағишланган кўргазманинг ташкил этилиши икки халқ ўртасидаги илмий ва маданий ришталарни намоён этди. Унда Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси, Амир Темурга бағишланган Эдгар Аллан По шеърий тўплами, америкалик саёҳатчиларнинг юртимиз ҳақидаги асарлари ҳамда Тошкент ва Сиэтл ўртасида 1973 йилда ўрнатилган биродарлик алоқаларига оид материаллар тақдим этилди.
Бу каби ташаббуслар ҳамкорликнинг фақат иқтисодий манфаатлар билан чекланмаслигини кўрсатади. Илм-фан, тарих ва маданият соҳасидаги алоқалар халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштиради ва давлатлараро муносабатларнинг ижтимоий асосларини мустаҳкамлайди.
Иқтисодий тараққиёт ва минтақавий барқарорлик уйғунлиги
«C5+1» форматидаги мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларидир.
Терроризм, трансмиллий жиноятчилик, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва киберхавфлар бир давлат доирасида ҳал этилиши қийин бўлган муаммолар. Уларга қарши самарали курашиш учун давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлиги ва мувофиқлаштирилган ёндашувлар талаб этилади.
Айни пайтда минтақавий барқарорликнинг иқтисодий омиллари ҳам катта аҳамиятга эга. Савдо ва инвестицияларнинг кенгайиши, янги иш ўринларининг яратилиши, таълим ва касбий тайёргарлик имкониятларининг ортиши жамиятнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Шу маънода, хавфсизлик ва тараққиётни ўзаро боғлиқ жараёнлар сифатида кўриш лозим. Барқарор муҳит иқтисодий фаолликни рағбатлантирса, иқтисодий имкониятларнинг кенгайиши ҳам узоқ муддатли барқарорлик учун шароит яратади.
Марказий Осиё давлатлари учун транспорт, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва савдо алоқаларини ривожлантириш ҳам умумий манфаатларга дахлдор масалалар. Уларнинг самарали ҳал қилиниши нафақат иқтисодий ўсиш, балки минтақадаги ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон учун мазкур жараёнларнинг аҳамияти ташқи алоқаларни кенгайтириш билангина чекланмайди. Асосий вазифа — халқаро ҳамкорлик имкониятларини мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, юқори қўшилган қиймат яратиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига йўналтириш.
«C5+1»нинг истиқболи ҳам Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги мулоқот қай даражада аниқ лойиҳалар, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқалар ва барқарор натижаларга айланиши билан белгиланади. Зеро, халқаро ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси мамлакатлар тараққиётига қўшган ҳиссаси, яратилган иқтисодий имкониятлар ва инсонлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА мухбири