Саломатликка эътибор маҳалладан бошланади
Касалликни даволашдан кўра, уни барвақт аниқлаш ва олдини олиш самаралироқ. Бунинг учун тиббий хизмат аҳоли излаб борадиган эмас, балки инсонга яқинлашадиган тизимга айланиши муҳим. Сирдарёда амалга оширилаётган 1 миллиард 250 миллион сўмлик ижтимоий лойиҳа ана шу мақсадда тиббий ёрдамни маҳаллага, маҳалла орқали ҳар бир хонадонга яқинлаштиришга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Сайхунобод, Мирзаобод ва Сардоба туманларида тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда патронаж хизматини аҳолига янада яқинлаштиришни кўзда тутади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 2026 йил 19 августдаги 01-10/90-сонли Парламент комиссияси қарори асосида ўтказилган танловда «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди»нинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Эътиборли жиҳати шундаки, белгиланган мақсад ва вазифаларни фонднинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими амалга оширади.
Лойиҳа доирасида тиббий диагностика имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмасининг лаборатория ускуналари тўлиқ янгиланади. Мирзаобод ва Сардоба туман тиббиёт бирлашмалари учун эса бир донадан, жами икки дона замонавий рақамли рентген аппарати харид қилиниб, ўрнатилади.
Замонавий ускуналарнинг жорий этилиши касалликларни аниқлаш жараёнини тезлаштириш, ташхис қўйиш сифатини ошириш ва беморларга зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш учун қулай шароит яратади.

Тиббий хизматни хонадонларга яқинлаштириш эса лойиҳанинг яна бир муҳим йўналишидир. Патронаж тизимини кучайтириш мақсадида портатив ЭКГ аппаратлари, глюкометрлар ҳамда биринчи ёрдам тиббий жиҳозлари тўпламлари харид қилинади. Бу орқали патронаж ҳамширалари аҳоли хонадонларида зарур кўрикларни ўтказиш, саломатлик ҳолатини кузатиш ва хавф омилларини эрта аниқлаш учун зарур воситаларга эга бўлади.
Айниқса, олис маҳаллаларда бундай ёндашувнинг аҳамияти катта. Зеро, тиббий хизматнинг инсонга яқинлашиши вақт ва оворагарчиликни тежаш билан бирга, саломатлик билан боғлиқ муаммоларни барвақт аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш ва аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатиш учун мустаҳкам замин яратади.

Сардоба туманида патронаж хизматининг ҳаракатчанлигини ошириш мақсадида ҳамширалар учун 4 та электроскутер харид қилиниши режалаштирилган. Бу воситалар патронаж ҳамшираларининг олис маҳаллалар ва хонадонларга бориб, тиббий-профилактик хизмат кўрсатишини янада қулайлаштиради.
Лойиҳанинг эътиборга молик жиҳатларидан яна бири — аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Бунда беморларнинг ҳолатини кузатиш билан бир қаторда, касалликларнинг олдини олиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва саломатликка масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган тушунтириш ишлари ҳам олиб борилади.
— Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда энг муҳими — муаммони ўз вақтида кўра билиш ва унга ечим топиш. Шу боис тиббий-профилактик хизматларни маҳаллалар ва хонадонларга янада яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда патронаж хизмати самарадорлигини оширишни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз, — дейди фонднинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Салтанат Каримова.
Дарҳақиқат, тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, профилактик кўрикларни кучайтириш ва касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш ҳам муҳим. Лойиҳада диагностика, патронаж ва соғлом турмуш тарзи тарғиботининг уйғунлаштирилгани ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.
Энг муҳими, тиббий хизматнинг маҳаллага кириб бориши инсон саломатлигига эътиборни кундалик ҳаётнинг бир қисмига айлантириш имконини беради. Профилактика ва эрта ташхисни кучайтириш орқали оғир хасталикларнинг олдини олиш, инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, сифатли тиббий ёрдамни ҳар бир хонадонга янада яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири