Россия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори
Бугун Фарғонада Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши ўз ишини бошлади.
Бунгача Россиядан ташриф буюрган 400 га яқин делегация аъзолари (улар орасида вазир, вазир ўринбосарлари, губернаторлар, тармоқ идора ва тизим раҳбарлари, компаниялар етакчилари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари асосчи ва иш юритувчилари бор) Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти билан танишдилар. Вилоятдаги замонавий завод-фабрикалар, фермер хўжаликлари, дала-боғлар ҳамда сайёҳлик масканларида бўлдилар.
Умуман, Россия Федерацияси Фарғона вилояти учун ҳам энг йирик иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Ҳозирги кунда вилоятда унинг капитали иштирокида жами 169 та корхона (81 та қўшма ва 88 та хорижий) фаолият олиб бормоқда.
2026 йилнинг биринчи ярмида Россия Федерацияси билан хамкорликдаги 27 та корхона томонидан умумий қиймати 162 млн долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Мисол учун, Риштон туманида “Kosto Line Holding” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 28 млн доллар хорижий инвестиция эвазига янги ишлаб чиқариш линияси фойдаланишга топширилди.
2026 йил бошидан бугунги кунга қадар россиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 478,2 млн долларлик 74 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бешариқ туманидаги “Drujba un Kombinati” МЧЖ ХК томонидан қиймати 10 млн долларлик ун ишлаб чиқариш лойиҳаси уларнинг бири. Натижада бу ерда 100 та янги иш ўрни яратилди.
Фарғона ва Россия ўртасида савдо - иқтисодий ҳамкорлик хам ривожланиб бормоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида Фарғона вилояти ҳамда Россия Федерацияси тадбиркорлари ўртасида ташқи савдо айланмаси 767,3 млн.долларни ташкил этган. Шундан экспорт 358,8 млн.доллар; импорт 408,5 млн.доллар.
Йил охиригача ўзаро товар айланмаси 1.5 млрд. доллардан ортиши кутилмоқда.
"Фарғона экспо" марказида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков билан, шунингдек, Доғистон Республикаси Ҳукумати раиси ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Ризван Газимагомедов билан ўзаро ҳамкорлик ва англашув тўғрисида меморандум имзолади.
Шунингдек, Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Саидмусаев ва Омск вилояти қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати вазири Николай Дрофа ўртасида агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик қилиш ва қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган меморандум имзоланди.
Тадбир доирасида Красноярск ўлкаси ва Сурхондарё вилояти, шунингдек, Красноярск ўлкаси ва Наманган вилояти ўртасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат ва агросаноат кооперациясини ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА