Рокки Детомо: “GEOMIN-2026” глобал фойдали қазилмалар ҳамжамиятини бирлаштирмоқда
Бугунги кунда фойдали қазилмаларга бўлган глобал талабнинг ортиши янги конларни излаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади. Шу боис турли мамлакатлар, геологик хизматлар, илмий муассасалар ва хусусий сектор ўртасида тажриба ҳамда технология алмашинуви муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу жараёнлар, хусусан, фойдали қазилмаларни қидиришда замонавий ёндашувларни қўллаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари Тошкентда ўтказилаётган “GEOMIN-2026” халқаро конференциясида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) президенти Рокки Детомо конференциянинг аҳамияти, соҳада замонавий технологияларнинг ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
–“GEOMIN-2026” халқаро конференциясида иштирок этиш ва Тошкентда мутахассисларни бир жойга жамлаш мен учун катта шараф. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига ушбу муҳим тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдираман.
Бугун биз фойдали қазилмаларни қидириш, геофанлар ва технологияларни ривожлантириш, энергетика ҳамда глобал ресурслар хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама қилдик. “GEOMIN”нинг асосий мақсади ҳам ана шу йўналишларда фаолият юритаётган мутахассис ва ташкилотларни бирлаштиришдан иборат.
Тадбирда кончилик компаниялари, геологик хизматлар, технологик инновациялар яратувчилари, геомаълумотлар бўйича мутахассислар, асбоб-ускуналар етказиб берувчилар ва касбий жамиятлар вакиллари иштирок этмоқда. Бундай кенг қамров соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш зарурлигини кўрсатади. Чунки ҳеч бир мамлакат ёки ташкилот бугунги ресурслар билан боғлиқ масалаларга якка ҳолда жавоб бера олмайди.
Муҳим фойдали қазилмалар дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган. Уларни аниқлаш, баҳолаш ва ўзлаштириш учун эса турли мамлакатлар тажрибаси, илмий салоҳияти ва замонавий технологияларини бирлаштириш зарур. Шу жиҳатдан, “GEOMIN-2026” билим, маълумот ва илғор ечимлар алмашиладиган муҳим халқаро майдон вазифасини бажаради.
Дунёда ресурслар хавфсизлиги масаласи тобора долзарблашиб бормоқда. Электрлаштириш, қайта тикланадиган энергия, илғор ишлаб чиқариш ва барқарор таъминот занжирларининг ривожи муҳим фойдали қазилмаларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис геология ва геофизика соҳасидаги илмий-техник салоҳият ҳам стратегик аҳамият касб этяпти.
Бу жараёнда сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг имкониятлари алоҳида аҳамиятга эга. Улар қидирув ишларида катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, янги қонуниятларни аниқлаш ва қарор қабул қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Бироқ технологиялар геофан мутахассисларининг ўрнини босмайди, балки уларнинг имкониятларини кенгайтиради. Шу сабабли, “GEOMIN-2026”нинг “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология-қидирув ишларини ривожлантириш” мавзуси жуда долзарб.
Ўтган йили “GEOMIN” Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилиб, унда 38 мамлакатдан 550 дан ортиқ иштирокчи ва 150 дан зиёд ташкилот вакиллари қатнашди. Бу тадбир халқаро миқёсда фойдали қазилмаларга йўналтирилган геофанлар платформасига эҳтиёж юқори эканини кўрсатди.
Тошкентда бўлиб ўтаётган “GEOMIN-2026” ушбу ташаббуснинг мантиқий давомидир. Бу мулоқот фойдали қазилмаларга бой мамлакатлар ва минтақаларни глобал тажриба билан боғлаб, янги профессионал алоқалар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон бундай мулоқот учун муносиб майдон, деб ҳисоблайман. Мамлакат катта геологик салоҳиятга эга. Шу билан бирга, фойдали қазилмалар секторини модернизация ва рақамлаштириш, технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг стратегик чорраҳасида жойлашгани ҳам унинг аҳамиятини янада оширади.
“GEOMIN-2026” дастурининг кенгайиши конференцияга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Сессиялар билан бир қаторда сунъий интеллект лабораториялари, хакатон, геологик хизматлар давра суҳбати, дала тадбирлари ва бошқа амалий йўналишлар ташкил этиляпти.
Ишончим комилки, бугунги мулоқотлар янги ғоялар, илмий-технологик ечимлар ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.