РАСМИЙ БАЁНОТ: Лицензия талабларини бузган газ шохобчаси суд қарори билан ёпилди
Автомобилларга газ тўлдиришда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш нафақат техник талаб, балки инсон ҳаётини асраш билан боғлиқ муҳим масъулият. Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган ҳолат бу борада назоратни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Жорий йилнинг 2 январь куни Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчасида жиддий ҳодиса содир бўлди. Аниқланишича, метан газ баллони ўрнига пропан газ баллони ўрнатилган автомашинага сиқилган табиий газ қўйилгани оқибатида портлаш юз берган. Мазкур ҳолат акс этган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.
Ҳодиса юзасидан “Ўзэнергоинспекция” томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширув жараёнида шохобча томонидан лицензия талаблари ва техник хавфсизлик қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланди.
Ўрганиш натижаларига асосан назорат органи томонидан шохобчанинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга мурожаат киритилди.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судининг 2026 йил 8 апрелдаги қарорига кўра, “К.М.” масъулияти чекланган жамияти лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузган деб топилди. Суд қарори билан жамиятга тегишли лицензия бекор қилинди.
"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизматининг хабарига кўра, сиқилган табиий ёки суюлтирилган углеводород газида ишлашга мослаштирилганини тасдиқловчи тегишли рухсат ҳужжатлари мавжуд бўлмаган автомашиналарга газ тўлдириш қонунчилик талабларини жиддий бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолатлар лицензиянинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА