Рақобат муҳитига таъсир қилувчи омиллар таҳлил қилинмоқда
Рақобат қўмитаси томонидан давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда амалдаги эксклюзив ҳуқуқларнинг рақобат муҳитига таъсири юзасидан тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда.
2026 йилнинг I ярим йиллигида 69 та маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва 54 та давлат бошқарув органи фаолияти ўрганилиб, 573 та ҳолатда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид ҳаракатлар аниқланди. Шунингдек, 80 дан ортиқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва 500 дан зиёд ҳужжат лойиҳасининг рақобат муҳитига таъсири баҳоланди.
Таҳлиллар давомида тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва молиявий харажатларни келтириб чиқариши, бозорга киришни қийинлаштириши ёки айрим иштирокчиларга асоссиз устунлик бериши мумкин бўлган нормаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йилнинг II ярим йиллигида амалдаги қонунчиликда назарда тутилган эксклюзив ҳуқуқларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ва бундай ҳуқуқлар тақдим этилган корхоналар реестрини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Зарурати ва иқтисодий асослари сақланмаган мутлақ ёки эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 4 та вазирлик ва идора ҳамда 4 та вилоят ҳокимлигида рақобат қонунчилигига риоя этилиши давлат харидлари ва ташқи реклама соҳаларини ҳам қамраб олган ҳолда кенг ўрганилади.
Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш, бозорга киришдаги ортиқча тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш бўйича мониторинг ишлари изчил давом эттирилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА