Қозоғистон парламенти делегацияси билан учрашув
Самарқандда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева амалий ташриф билан юртимизда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва минтақавий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Муштарак тарихий илдизлар, маънавий қадриятлар ва аҳил қўшничилик анъаналарига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди. Шу маънода, бугун Самарқандда Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми ўтказилаётгани ва бу тадбир икки мамлакат зиёлиларининг мулоқоти учун муҳим майдон сифатида қаралаётгани таъкидланди.
Кўп томонлама форматларда парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан, ҳудудлараро форумларда иштирок этиш фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам кўриб чиқди. Жорий йилда Ўзбекистон ушбу платформага раислик қилаётгани, шу муносабат билан Бухоро шаҳрида навбатдаги йиғилиш ҳамда Осиё хотин-қизлари II форуми ўтказилиши режалаштирилгани қайд этилди.
[gallery-28678]
Бундан ташқари, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ХII Ёш парламент аъзолари глобал форуми ҳам бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон – Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари