Қорақалпоғистонлик ёшлар учун 6 минг 500 квота ажратилди
Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун тўлов-контракт асосида қўшимча квоталар ажратиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам республиканинг шаҳар ва туманлари учун зарур бўлган мутахассисликлар сонидан ва кадрларнинг ички эҳтиёжидан келиб чиқиб, вилоятлардаги олий ўқув юртларини танлаган абитуриентлар учун тўлов-контракт асосида 6 минг 500 та қўшимча квота ажратилди.
Албатта, қўшимча квоталарнинг ажратилиши Оролбўйи учун зарур бўлган юқори билимга эга малакали кадрларни тайёрлашда муҳим бўлиб, ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонлик ёшлар учун алоҳида яратиб берган имкониятларининг яна бир кўриниши бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири