Қора денгизда дронлар: Европа хавфсизлиги синовда…
Қора денгизда савдо кемалари нишонга олинган дрон ҳужуми туфайли икки киши ҳалок бўлди. Руминия ва Болгария соҳили яқинидаги ҳодиса Европа Иттифоқининг минтақадаги денгиз хавфсизлиги режасини синовдан ўтказмоқда.
Руминия сув ҳудудида Украина ғалласини олиб кетаётган Туркияга тегишли кемада дрон зарбасидан сўнг ёнғин чиқиб, саҳнидаги икки инсон билан бирга кема чўкиб кетган. Президент Владимир Зеленский ҳужум Россия дрони томонидан амалга оширилганини айтган. Бир кун ўтиб, Болгария қирғоғидан 130 километр жойда яна бир савдо кемаси ғарқ бўлди, бошқаси шикастланди. Бош вазир Румен Радев ҳодисани “мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган” ҳолат сифатида баҳоласа-да, ҳозирча бирор айбдорни кўрсатмаган.
ЕИ 2025 йил Қора денгиз хавфсизлигини кучайтириш режасини қабул қилган ва шу асосда 65 лойиҳага 200 миллион евро йўналтирган. Руминия ва Болгария портларида Қора денгиз хавфсизлиги маркази – кема ҳаракати, денгиз ости инфратузилмаси ва эҳтимолий таҳдидни кузатиш тизими ташкил этилиши режалаштирилган.
Бинобарин, кўҳна қитъа Мудофаа агентлиги ҳисоботида денгиз қурол-яроғи, ракета ва узоқ масофага зарба йўллаш воситаларидан мудофаа ҳамда денгиз ости инфратузилмасини ҳимоя қилиш борасида жиддий камчиликлар борлиги қайд этилган. Мутахассислар фикрича, ҳозирги вазият хавфсизлик стратегиясидан ташқари дронни олдиндан аниқлайдиган радар, сенсор ва разведка имконияти кучайтирилишини ҳам тақозо этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА