Қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама қилинди
Давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг ёзма шаклида ягона меъёрларга амал қилиш ва иш юритишда имло қоидаларига риоя этиш тил сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликдаги ўзгартишлар алоҳида аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Боёвут туманидаги Ихтисослаштирилган мактаб биносида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир туман ҳокимлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлинмалари ҳамкорлигида ўтказилди.

Унда мазкур марказнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров иштирок этиб, қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг амалий аҳамияти ва янги меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берди.
Таъкидлаш жоизки, алифбога киритилган ўзгартишни ўзбек ёзувини тубдан янгилаш ёки амалдаги тизимдан воз кечиш сифатида эмас, балки уни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳот сифатида баҳолаш лозим. Зеро, алифбо ва имло меъёрларининг изчиллиги тилнинг ёзма шаклда тўғри, аниқ ва бир хил ифодаланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмасидан иборат таркиби 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат шаклга келтирилиши назарда тутилган. Ушбу ўзгартишлар ёзув тизимини такомиллаштириш, айрим товушларнинг график ифодасини аниқлаштириш ҳамда имло меъёрларини янада изчиллаштиришга хизмат қилади.
Семинар давомида такомиллаштирилган алифбони амалиётга жорий этиш, расмий ҳужжатлар ва иш юритиш жараёнларида, ташқи ёзувлар, пешлавҳа ҳамда кўрсаткичларда имло ва графика меъёрларига риоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат органлари, муассасалар ва таълим ташкилотларида давлат тилида иш юритиш жараёнида учраётган муаммолар, уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда янги алифбони жорий этиш жараёнида изчилликни таъминлаш, ходимларнинг давлат тилида иш юритиш ва имло саводхонлигини ошириш, қонунчиликдаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жойларда тушунтириш-тарғибот ишларини тизимли давом эттириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири