Қонунбузарлик фош этилди
Бухоро вилоятида электр энергиясидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Ана шундай текширувлардан бири давомида йирик қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
“Ўзэнергоинспекция” маълумотига кўра, вилоят ҳудудида фаолият юритувчи “N.N.N.Z.” номли фермер хўжалиги электр қурилмаларини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, ҳисоблагичдан ташқари ҳолда энергиядан фойдаланиб келган.
Бу каби ноқонуний уланишлар нафақат қонун талабларига зид, балки энергия таъминоти тизими барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу каби ҳолатлар тармоқда ортиқча юклама келтириб чиқаради, авария ҳолатларини кўпайтириши ҳамда бошқа истеъмолчиларнинг сифатли электр таъминотига путур етказиши мумкин.
Ўтказилган ҳисоб-китоблар натижасида электр таъминоти корхонасига етказилган зарар миқдори 1 миллиард 754 миллион сўмни ташкил этгани маълум бўлди. Бу эса қонунбузарликнинг қанчалик йирик кўламда бўлганини кўрсатади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликка мувофиқ чора кўриш ишлари бошланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.