Қонун ижодкорлигида самарадорликни ошириш зарур
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Қонун лойиҳалари муҳокамасини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар ўтказилди. Унда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш амалиётини такомиллаштириш, тақдим этиладиган маърузалар сифатини ошириш, мазмунли ва конструктив муҳокама муҳитини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври сифатида белгилаб, суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Қонун устуворлигига эришишда эса аввало, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ва самарадорлиги муҳим ўрин тутади. Бу борада парламентда қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уларнинг пухта, пишиқ, ҳаётий ва мазмунли бўлишини таъминлаш, муҳокама жараёнларига жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади.
Семинарда айни шу жиҳатларга устувор аҳамият қаратилди. Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов ўз маърузасида қонун лойиҳаларини биринчи, иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқишнинг тартиб-таомиллари, ўзига хос жиҳатлари, депутатлар таклифлари асосида лойиҳаларни такомиллаштириш, алоҳида нормаларни пухта муҳокама қилиш ва якуний таҳрирни шакллантириш масалалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Парламент тадқиқотлари институти директори А.Тошпўлатов эса қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда илғор хорижий амалиёт, муҳокамаларни ташкил этиш усуллари, илмий-назарий асослари хусусида маълумот берди.
Семинар давомида қонун лойиҳалари юзасидан тақдим этиладиган маърузалар лойиҳа мазмунини шунчаки баён қилиш билан чекланмасдан, унинг мақсади, қабул қилиш зарурати, таклиф этилаётган ҳуқуқий ечимлар ва кутилаётган натижалар, муҳокамаларда тақдим этилган таклифлар ҳақида батафсил маълумотларни ҳам ўз ичига олиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнига замонавий технология ва ёндашувларни жорий этиш, муҳокамаларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА