Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизими такомиллаштирилади
Жорий йил 2 апрелда “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида ўқиш қуйидаги шаклларда ташкил этилади:
— дуал таълим асосида 6 ой муддатга назарий таълимдан ажралган ва жойига чиққан ҳолда ташкил этиладиган малакавий амалиёт;
— қолган бакалавриат таълим йўналишларида йил давомида назарий таълим билан бирга тўлиқ уйғунлаштирган “4+2” шаклдаги амалиёт.
2026 йил 1 майдан университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари ҳудудларга бириктирилади. Бунда етакчи профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси ҳисобланади.
Талабаларнинг сайёр дарслари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар ва ҳудудлардаги “Сувчилар мактаби” базасида ташкил этилади.
Университетда Истиқболли лойиҳалар офиси ташкил этилади.
Н.Насриев, ЎзА