Қашқадарёлик муҳандислар республика танловида юқори натижалар қайд этди
Қарши давлат техника университетида бугун “Келажак муҳандислари” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш, Президент совғаси соҳиби бўлган устоз ва олимларни эътироф этиш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Маросимда танловнинг профессор-ўқитувчилар ўртасидаги “Энг яхши ғоя” йўналишида ғолиб бўлган “Энергетика муҳандислиги” кафедраси катта ўқитувчиси Иномжон Хотамовга Президент совғаси – BYD Chazor автомашинаси топширилди.


Ғолибнинг университет ҳудудига автомашинада кириб келиши карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тадбирда университет ректори Шерзод Неъматов сўзга чиқиб, “Келажак муҳандислари” танловининг ёшлар ва илмий изланиш олиб бораётган мутахассислар учун аҳамиятига тўхталди. Бундай эътироф янги ғоя ва ишланмалар устида ишлаётган профессор-ўқитувчилар учун катта масъулият билан бирга, талабалар учун ҳам ўзига хос рағбат эканини таъкидлади.

Қувонарлиси, мазкур танловнинг “Энг яхши ғоя” йўналишида иккинчи ўрин ҳам Қарши давлат техника университети вакилига насиб этди. “Технологик машиналар ва жиҳозлар” кафедраси доценти Ғанишер Раҳимов 82 миллион 400 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, “Энергетика муҳандислиги” кафедраси доценти Севара Мирзаёровага “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Тадбирда сўз олган илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ғулом Узоқов, профессор Улуғмурод Жонқобилов, танлов ғолиблари ва талабалар мазкур натижаларнинг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
“Келажак муҳандислари” республика кўрик-танлови ёш олимлар ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг инновацион ғоялари, стартап лойиҳалари ҳамда илмий-техник ишланмаларини ривожлантиришга қаратилган.

Қарши давлат техника университети вакилларининг танловдаги натижалари таълим муассасасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга эътибор тобора ортиб бораётганини кўрсатиб, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни янги ғоялар устида ишлашга ундайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири