Қаршида павловния фасли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Баҳор келиши билан Қарши гўзал либосга бурканади. Кўчалар, хиёбонлару истироҳат боғларида гулга кирадиган бинафша рангдаги павловния дарахти мафтункор манзара касб этади.
Павлония – сабрсиз, ҳаяжонли дарахт. У ҳали барг ёзмасидан аввал ўзининг гўзаллиги билан оламни қувонтиради. Унинг нозик, қўнғироқсимон шаклдаги гуллари майин шаббода эсганида енгил титраб, таралган хушбўй ис ўткинчиларни бир лаҳза ўзига ром этади. Шошмасдан юрганлар ҳам, шошилаётганлар ҳам беихтиёр бош кўтариб, бу гўзалликка термулади.
Қарши аҳолиси бу бетакрор фаслни яхши билади ва интиқлик билан кутади. Болалар гул тўла хиёбонлар бўйлаб қушдай учиб югуради, катталар эса ўриндиқларда ширин суҳбат қуриб, гўзалликдан баҳра олади. Ёшлар эса ўша дамни, ўша рангларни абадийлаштириш учун энг чиройли бурчакни қидириб, қўлларида телефон билан сайр қилади. Павловния ҳаммани – каттаю кичикни гўзаллик қаршисида тенглаштириб, бир ҳисда жам этади.
Бу дарахт фақат гўзаллик учун яратилмаган. У салқин сояси билан ёзнинг жазирамасини юмшатади, ҳавони назокат билан мусаффо қилади. Лекин энг муҳими – у шаҳар ҳаётининг довруғини, тезлигини бир зумга секинлаштиради. Бинафшаранг осмону ернинг ўртасида сузиб, одамларга эслатади: ҳаётда баъзан тўхтаб, нафас олиб, завқ олиш ҳам керак.
[gallery-28486]
Павловния фасли узоқ давом этмайди. Бир неча ҳафта, холос. Вақт ўтиб, гуллар тўкилиб, ўрнини яшил япроқлар эгаллайди-ю, дарахт яна ўзининг оддий қиёфасига қайтади. Балки шунинг учундирки, бу гулларни соғинч билан кутган одамлар улардан кўз узолмайди. Зеро, қисқа умр кўрадиган гўзаллик ҳар доим ҳам ардоқлироқ, азизроқ бўлади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА