Қандай ҳолларда ходимнинг рухсатисиз иш ҳақидан ушлаб қолинади?
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ходимнинг иш ҳақидан мажбурий ушлаб қолиш тартиби қатъий чегараланган бўлиб, бу борада иш берувчининг ваколатлари чекланган. Бироқ амалиётда ходимнинг розилигисиз ҳам унинг ойлик маошидан маблағ ундиришга йўл қўйиладиган қонуний ҳолатлар мавжуд.
Ҳар бир меҳнаткаш ой охирида маошини тўлиқ ва ўз вақтида олишни кутади. Аммо баъзан ҳисоб-китоб варақасидаги сумма кутилганидан камроқ бўлиб чиқиши мумкин. Хўш, иш берувчи қайси вазиятларда ходимнинг эътирози ва ёзма рухсатига қараб ўтирмай, унинг маошидан пул ушлаб қолишга ҳақли? Қонунчилик бу борада ходимларни қандай ҳимоя қилади ва иш берувчининг қайси ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади?
Тошкент давлат Юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу ҳақда қуйидагича тушунча берди:
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра, ходимнинг розилигисиз (рухсатисиз) унинг иш ҳақидан ушлаб қолишга фақат қонунда белгиланган муайян ҳоллардагина йўл қўйилади.
Унга кўра, қуйидаги ҳолларда ходимнинг ёзма розилиги талаб этилмайди.
Жумладан, солиқлар ва йиғимларни ундириш учун, суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса ҳамда ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса ходимнинг розилиги талаб этилмайди. Ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ходимнинг розилигисиз пул ушлаб қолинади.
Ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан ушлаб қолинадиган маблағларнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг 50 фоизидан ортиб кетмаслиги керак (алимент ундириш ҳолатлари бундан мустасно бўлиши мумкин).
Гулноза Бобоева,ЎзА