Қадимий шаҳарнинг халқаро эътирофи
Бухоро — нафақат тарихни асраб келаётган, балки ўтмиш ва бугунни ўзида уйғунлаштирган шаҳардир. Асрлар давомида бу заминда илм-фан, меъморчилик, адабиёт, мусиқа, ҳунармандчилик ва савдо ривожланган бўлиб, Бухоро Шарқ цивилизациясининг муҳим марказларидан бирига айланган эди. Бугунги кунда ушбу улкан маънавий-маданий мерос замонавий иқтисодиёт, туризм ва халқаро ҳамкорлик билан уйғунлашиб, тараққиётнинг янги босқичини намойиш этмоқда
Бухоронинг 2027 йилда ЮНЕСКОнинг «Ижодий шаҳарлар тармоғи» халқаро анжуманига мезбон сифатида танлангани бежиз эмас. Бу — шаҳарнинг тарихий-маданий салоҳияти, кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, ўзига хос ижодий муҳити ҳамда глобал маданий алоқалардаги муҳим ўрнига берилган юксак баҳодир. Эътиборлиси, мамлакатимизда маданий меросни асраш билан бирга, уни замонавий тараққиёт манбаига айлантириш ҳамда ҳудудларнинг сайёҳлик ва ижодий салоҳиятини намойиш этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик ва креатив саноатни қўллаб-қувватлаш ҳамда тарихий шаҳарларимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Бухоронинг бугунги юксак мақомида яққол намоён бўлмоқда.
2027 йилда Бухорода ўтказилаши режалатирилаётган халқаро анжуманда 110 га яқин мамлакатдаги 408 та ижодий шаҳар вакиллари иштирок этади. Ушбу рақамларнинг ўзи тадбирнинг нечоғлик юксак кўламга эга эканидан далолат беради. Дунёнинг турли гўшаларидан ташриф буюрадиган меҳмонлар бир майдонда жам бўлиб, ижодиёт, маданият, дизайн, ҳунармандчилик, адабиёт, мусиқа ва медиа соҳаларини шаҳарларни барқарор ривожлантириш билан боғлаш масалаларини муҳокама қиладилар. Бухоро бир неча кун давомида меҳмонларни қабул қилибгина қолмай, илғор ғоялар, тажриба ва ташаббуслар алмашинуви марказига айланади. Хорижий делегациялар шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари билан танишиш баробарида, унинг бой маданий муҳити, миллий ҳунармандчилиги, «устоз-шогирд» анъаналари ва замонавий ижодкорлар фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўладилар.

Бухоронинг ижодий салоҳияти фақат тарихий ёдгорликлар билангина чекланмайди. Шаҳарнинг энг катта бойлиги — бу унинг бой маданий муҳитидир. Асрлар давомида мисгарлик, заргарлик, кулолчилик, зардўзлик, каштадўзлик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчилик турлари «устоз-шогирд» анъаналари асосида авлоддан-авлодга ўтиб келяпти. Ҳар бир нақш, буюм ва ҳунармандлик устахонаси ортида теран тарих, ўзига хос мактаб ва турмуш тарзи мужассам. Бугунги кунда ушбу анъаналарни замонавий дизайн, рақамли технологиялар, электрон савдо, халқаро маркетинг ва креатив саноат билан уйғунлаштириш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда.
ЮНЕСКО анжумани ушбу жараёнларга янгича суръат бағишлайди. Бухоро ҳунармандлари ва ижодкорлари халқаро тажриба алмашиш, жаҳондаги замонавий тенденциялар билан танишиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш, янги бозорларга чиқиш ва ўз маҳсулотларини глобал миқёсда тарғиб қилиш имконига эга бўладилар.

Бухорода «Ижодий шаҳарлар тармоғи» халқаро анжуманининг ўтказилиши туризм соҳасини ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бугунги кун сайёҳлари фақат тарихий ёдгорликларни кўриш билангина чекланмай, шаҳарнинг ўзига хос жозибасини ҳис қилиш, унинг маданиятини англаш, маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлиб, ёрқин таассурот олишни истайдилар.
Лаби Ҳовуз атрофидаги муҳит, қадимий бозорлар, савдо гумбазлари, мадраса ва масжидлар, ҳунармандчилик устахоналари, миллий таомлар, анъанавий санъат ва замонавий ижодкорлик бир-бирини тўлдириб, яхлит маданий муҳитни шакллантиради. Шу боис ушбу анжуманга бир марталик халқаро тадбир эмас, балки шаҳарнинг сайёҳлик брендини янада мустаҳкамлаш йўлидаги стратегик имконият сифатида қараш лозим.
Бугунги Бухоро ўзининг тарихий меросини келажак иқтисодиёти билан уйғунлаштираётган маскан сифатида намоён бўлмоқда. Бу ерда қадимий ҳунармандчилик — янги бизнесга, маданий мерос — бебаҳо туризм ресурсига, креативлик — янги иш ўринларига, халқаро мулоқот эса манфаатли ҳамкорликка айланмоқда.
Ораш Акабоев, ЎзА