Президентимиз экологик ташаббуслари билан барчамизга намуна бўлмоқда
Бугун бутун Ер юзида экологик муаммолар долзарб тус олаётгани барча давлатлар ва халқлардан экофаолликни, иқлим ўзгаришларига мослашиш ва зарур чораларни кўришни тақозо этмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам экология давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, Президентимиз раҳбарлигида соҳада муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилгани ушбу ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидан бири бўлди.
Президентимиз ушбу тадбирда нутқ сўзлар экан, юртимизда экология ва атроф-муҳитни асраш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталди ва соҳага оид муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Президент ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди.

Бу борада яшиллар партияси вакиллари ўз муносабати ва фикрларини баён қилди:
Абдушукур Ҳамзаев, Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари:
— Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилгани амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, яшил иқтисодиёт тамойиллари изчил ҳаётга татбиқ этилаётганини яққол намоён этмоқда.
Тадбирда республикамизнинг барча ҳудудлари фаол иштирок этиб, жойларда кенг кўламли кўчат экиш ишлари ташкил этилгани халқимизнинг бирдамлиги ва эзгу мақсадлар йўлида бирлашганини яна бир бор кўрсатди. Маҳаллаларда миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, аҳолини ҳамжиҳатлик руҳида бирлаштириш ҳамда ёшларни бунёдкорлик ишларига жалб этиш борасида илгари сурилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади.
Эътиборлиси, ушбу эзгу ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Белен, ушбу форумнинг Котибияти директори Жулет Биао, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари ушбу ташаббусларни юқори баҳолаб, уларнинг глобал экологик барқарорликка қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз бу каби доимий экологик ташаббуслари билан барчамизга шахсий намуна бўлмоқда. Бундай яшил лойиҳаларни ҳаётга кенг тарғиб қилиш ва уларни самарали амалга ошириш йўлида доим камарбаста бўлиб, сидқидилдан хизмат қиламиз!
Жавлон Абдуллаев, Қонунчилик палатасидаги Экофракция аъзоси:
— Биз депутатлар ҳам давлатимиз раҳбари билан биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этдик.
Президентимиз ўз нутқида илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилишини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашувда Президентимиз бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилишини маълум қилди.

Ишончим комил, халқ вакилларига берилган ушбу имконият юртимизни янада яшиллаштиришга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА