Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқидан асосий фикрлар (иккинчи қисм)
– Янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, энергияни сақлашнинг замонавий тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратишни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини берувчи кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш таклифи билдирилди;
– Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий чора-тадбирлар ўн йиллиги тўғрисидаги умумий ташаббусни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди;
– Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасида раислик давридан Жамғарма ишини янада самарали ташкил этиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида;
– Сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу мулоқот доимий ва аниқ мазмунга эга бўлиши, минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши шарт;
– Ўзбекистоннинг Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш борасидаги ташаббусига мувофиқ ишларни фаоллаштириш таклиф қилинди. Марказий Осиёнинг муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш бу борада биринчи қадамлардан бири бўлиши мумкинлиги таъкидланди;
– Мамлакатларнинг имкониятларини бирлаштириш ва Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш таклиф қилинди;
– Талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда бугунги кунда мутахассислар танқислиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ўсиб борадиган йўналишлар бўйича мамлакатларнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш мумкин;
– «Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир. Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч»;
– «Келгуси авлодларга қандай минтақа қолдиришимиз учун жавобгармиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда фарзандларни вояга етказиш имкониятларини бериши керак».
ЎзА