Президент олимпиадаси янги ғалабаларга мустаҳкам пойдевор яратади
Спорт вазирлигида “Президент олимпиадаси” мусобақасининг республика финал босқичига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, уларни саралаш, терма жамоаларга йўналтиришда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида Тошкентдаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, “Олимпия шаҳарчаси” ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтадиган мусобақаларга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўриш, ҳар бир таркибий бўлинма кесимидаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, иштирокчиларни меҳмонхоналарга жойлаштириш, транспорт хизмати, озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда мусобақалар жадвалини шакллантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Спорт вазири А. Икромов раислигида ўтган йиғилиш жараёнида мусобақа ўтказиладиган спорт иншоотларининг ҳолати, иштирокчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ташкилий жараёнлар ҳамда хавфсизлик чораларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, 21 та спорт тури бўйича ўтадиган мусобақаларга селекционер мураббий-мутахассисларни, терма жамоаларнинг мураббийларини жалб этиш орқали иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш ва уларни келгусида халқаро мусобақаларга тайёрлашда муҳимлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида “Президент олимпиадаси” мусобақалари мамлакатимиз спортининг янги ғалабаларига мустаҳкам пойдевор яратиш тамойилидан келиб чиқиб, барча йўналишлар бўйича тайёргарлик ишларини ўз вақтида якунлаш, мусобақаларни сифатли ва тартибли ташкил этиш, шаффофликни таъминлаш, ҳакамларнинг фаолиятига эътибор қаратиш юзасидан масъулларга тегишли зарур кўрсатмалар берилди.
