Покистон ва Афғонистон музокарани тиклади
“Associated Press” агентлиги икки покистонлик расмийга таяниб хабар беришича, Хитой воситачилигида Покистон ва Афғонистон ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш бўйича музокарани қайта бошлаган. Баъзи манбаларга кўра, икки мамлакат вакиллари учрашуви Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор минтақаси маъмурий маркази ҳисобланган Урумчи шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Нашр таъкидлашича, ХХР расмийлари мазкур маълумотга ҳали изоҳ бермаган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам хабарни на тасдиқлаган, на инкор этган.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳарбий ҳаракат мусулмонларнинг муқаддас Рамазон байрами муносабати билан вақтинча тўхтатилган, март ойи охирида давом эттирилган. Исломобод ва Кобул ўртасидаги аввалги музокара Истанбулда ўтказилган, лекин муваффақиятсиз тугаган.
С.Раҳимов, ЎзА