Покистон Саудия Арабистони ҳудудида ўз ҳарбийлари жойлаштирилганини тасдиқлади
Покистон ҳусийларнинг ҳужумлари фонида Саудия Арабистонида ўз ҳарбий контингентини жойлаштиришни тасдиқлади. Покистон Қуролли Кучлари вакили Аҳмад Шариф Чаудри бу ҳақда "CNN" телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
- Покистон қўшинлари аллақачон у ерда, мен буни тасдиқлашим мумкин, - деб таъкидлади ҳарбий мулозим.
Шунингдек, у қўшинларнинг аниқ сони ва уларнинг амалиётларни ўтказиш имкониятлари доираси давлат сири эканлиги ва ошкор қилинмаслигини айтди.
Чаудри Макка ўзаро мудофаа шартномаси коллектив хавфсизлик механизми сифатида ишлашини, “келишув томонларидан бирига қилинган ҳужум барчага қилинган ҳужум деб ҳисобланади” деган фикрни билдирди.
Бироқ, у Покистон армиясининг Ямандаги жанговар амалиётларда бевосита иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. Унинг қайд этишича, ҳарбий можароларда мамлакатлар куч ишлатиш бўйича тактик режаларни ошкор қилмайди, аммо “Покистоннинг ҳар қандай ҳаракатлари фақат мудофаа характерига эга бўлади”, деди.
Покистон қўмондонлиги вакили умумий геосиёсий вазиятга тўхталиб, Исломобод минтақадаги кескинликни камайтириш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттираётганини ва АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликка чек қўядиган музокаралар йўли билан тинчлик келишувига эришишда қатъий турганини қўшимча қилди.
С.Раҳимов, ЎзА