Пезешкиён: Эрон музокарага тайёр, аммо ядро энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечмайди
БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Теҳрон куч ишлатмасдан музокара қилишга тайёрлиги, аммо мамлакатга қарши эҳтимолий ҳужумни эътиборсиз қолдирмаслигини айтди.
У Эронга ядро технологияси қурол ишлаб чиқариш учун эмас, балки тинчлик мақсадида – тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани ривожлантириш учун кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ядровий дастури масаласи жанг майдонида эмас, балки келишув орқали ҳал қилиниши керак.
Пезешкиён минтақада хорижий ҳарбий кучлар мавжудлигини танқид қилди ва Яқин Шарқ хавфсизлигини биринчи навбатда қўшни давлатлар таъминлаши кераклигига урғу берди. Исроил ва Қўшма Штатларни минтақани беқарорлаштиришда айблаб, Ғазодаги вазиятни “геноцид” деди. Шунингдек, Ислом Республикаси суверенитетини ҳимоя қилиш учун мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда давом этишини айтди. У нутқ сўзлаётганда АҚШ делегацияси зални тарк этган.
С.Раҳимов, ЎзА