Педофилларга узоқ муддатли ёки умрбод қамоқ жазоси берилади
Маълумотларга кўра, 2022−2025 йилларда Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш ҳолатлари бўйича 445 та жиноят иши қўзғатилган. Жумладан, 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та шундай жиноят иши қўзғатилган. Ушбу рақамлар болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш чораларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Ушбу қонун лойиҳаси билан 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда, — деди қўмита раиси Г.Аъзамова. — Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга оид айрим қоидаларни қўллаш чекланмоқда.
Боланинг жинсий эркинлигига қарши айрим жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатларини қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.

Вояга етмаганларга нисбатан қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек, бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик, болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик ва бошқа айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилмоқда.
Қонун лойиҳасида болаларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, уларнинг гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштирилишини махсус тартиб асосида ўтказиш, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлашга оид нормалар белгиланмоқда. Зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмлари ҳам акс эттирилмоқда, — деди депутат.
Мажлисда қайд этилганидек, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Таълим ташкилоти ходими томонидан таълим-тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этилиши меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос бўлишига оид қоидалар назарда тутилган.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида соҳа мутахассислари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида унинг нормалари маромига етказилди. Кенг жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган таклифлар лойиҳани такомиллаштиришда инобатга олинди. Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган нормалар билан жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиблари аниқлаштирилди. Вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш мажбурийлиги белгиланиб, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокига оид қоидалар такомиллаштирилди.
Муҳокамалар давомида сўз олган депутатлар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканлигини айтиб ўтдилар. Уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, бундай жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар, тушунтиришлар берилди.
Қизғин муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА