“Пахтакор” мураббийи шогирдларидан норозими?
Маълумки, суперлига 25-турида “Пахтакор” ўз майдонида “Нефтчи” билан куч синашди. Мазкур беллашув чемпионлик масаласига катта таъсир ўтказарди. Ўйиндан олдин “Нефтчи” “Пахтакор”дан 2 очко олдинда бораётганди ва қайси жамоа ғалаба қозонган тақдирда ҳам турнир якунланишига 5 тур қолганда чемпионлик имконияти ўша жамоада кескин ошарди.
“Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган баҳс “шерлар”нинг катта устунлиги билан бошланди. Кетма-кет ҳужумлар голга айланавермади. Бироқ 22-дақиқада “шерлар” пеналти ишлашга муваффақ бўлди. 11 метрлик нуқтадан эса Достонбек Ҳамдамов гол уриб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи таймда яна ҳар икки жамоада имкониятлар бўлди, бироқ тайм шу ҳисобда якунланди. Иккинчи бўлимда эса ўйин “Нефтчи” устунлигида ўтди. Танаффусдан сўнг ўйин тубдан ўзгарди, десак бўлади. Мана шу устунликни якунда фарғоналиклар ҳисобга ҳам кўчира олди. Дастлаб Перитса Алишер Одиловнинг соло юришидан сўнг берган узатмаси орқали мувозанатни тиклади. Кейин эса “Нефтчи” легионери Коффи Коао жамоасини олдинга олиб чиқди. Баҳс якунига яқин Жамшид Искандеров 11 метрлик пеналтидан гол уриб, ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. Ушбу ғалабадан сўнг фарғоналиклар Суперлига турнир жадвалида “Пахтакор”дан 5 очкога илдамлаб кетди. Ўз навбатида “шерлар” устози учрашувдан сўнг матбуот анжуманида мағлубият сабабларига тўҳталиб ўтди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Ўйиннинг шарҳи ва Камолиддин Тожиев иштирокидаги матбуот анжуманини You Tube саҳифамизга жойланган видео орқали томоша қилинг.
Карим Худойқулов. ЎзА